Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томорқа бўйича муаммоларни ўрганди
Бекободдаги сув муаммосининг таг замири ўрганилган ҳолда шу соҳага алоқадор мутасаддилар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Ҳозирги синовли кунларда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Бунинг учун эса ер билан тиллашиш, ердан самарали фойдаланиш, имкон қадар олинаётган ҳосил миқдорини кўпайтириш зарур.
Президентимиз раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бунинг учун томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш кераклиги алоҳида таъкидланиб, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува туманларида бу борада катта тажриба тўпланганлигини, аксарият оилалар томорқаларидан йилига 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад олаётганлиги эътироф этилди.
Шу билан биргаликда,бир қанча туманлар қаторида Бекобод туманининг аксарият қишлоқларида экин майдонларини суғориш учун сув етишмаслиги, бу эса кўзланган мақсадга етишишда қатор муаммоларни келтириб чиқараётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш ҳамда жойларда томорқачиликни янада ривожлантириш борасида зарур чораларни ташкил этиш мақсадида куни кеча Бекобод туманида бўлди.
Р.Маматов аввало ҳудудда яшовчи аҳоли ихтиёрида етарли миқдорда томорқа ер майдонлари мавжуд бўлса-да улардан самарали фойдаланилмаётганлигининг асосий сабаблари билан танишди. Шунингдек, бу борада маҳалла фаолларининг иш олиб бориш тизимини ўрганди.
“Маллабой” маҳалласи тумандаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлардан бири. Фаррух Худойназаров шу маҳаллада яшовчи, томорқасидан самарали фойдаланиб келаётган юртдошларимиздан.
– Ҳовлимизда 4 сотихга яқин томорқа ер бор, – дейди Ф.Худойназаров. – Ўтган йили ”Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 70 миллион сўм кредит олгандим. Ана шу маблағ ҳисобидан ўз томорқамда иссиқхона ташкил этиб, бақлажон экдим. Бир марта олинган ҳосил ҳисобидан 40 миллион сўм фойда кўрдим.
Ишнинг кўзини биладиган, меҳнаткаш Фаррух ака бу йил шу иссиқхонанинг ўзидан 3 марта ҳосил олиш ниятида. Бунинг учун ҳозирдан ерга меҳр бериб, меҳнат қилмоқда.
Р.Маматов тадбиркорнинг иш тажрибаси билан яқиндан танишар экан, бу иш тажрибасини барча хонадон ва маҳаллаларда кенг тарғиб этиш, аҳолига барча зарур чораларни яратиб бериш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
– Туманимиз асосан карам, бақлажон ва турли кўкат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган, – дейди Бекобод туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ёқутхон Мўминова. – Шунингдек, аҳолимизда мевали дарахтларни парваришлаш ва ундан мўл ҳосил олиш бўйича ҳам тажриба етарли. Бу борада ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳозирда бир қанча ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, бу йил 300 та кам таъминланган оилаларни мевали дарахт кўчатлари билан таъминлаш, шу тоифадаги 100 та оилага эса иссиқхоналар қуриб бериш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Р.Маматов томорқачиликни ривожлантириш учун сув танқислиги муаммосига учраётган тумандаги “Ёшлик-2” ҳамда ”Бирдамлик” маҳаллаларига зарур кўмак бериш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам атрофлича танишди. Шунингдек, “Маллабой” маҳалласидаги кам таъминланган Бозоргул Худойназарова оиласи учун туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда иссиқхона қуриб бериш, Абдуманнон Эрбўтаевнинг уйини туман ҳокимлиги кўмаги асосида таъмирлаб бериш бўйича туман ҳокимлиги мутасаддиларига зарур кўрсатмалар берди.
Асосийси, Президентимиз томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилган Бекободдаги сув муаммосининг таг замири ўрганилган ҳолда шу соҳага алоқадор мутасаддилар билан музокаралар олиб борилмоқда. Аҳоли томорқаларни суғоришда юзага келаётган муаммоларни имкон қадар тезда бартараф этиш режаси тузилди.
– Ҳар биримиз жуда тўғри англаб олишимиз ва шунга мувофиқ ҳаракат қилишимиз керакки, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бу йил ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Умид қиламизки, халқимиз бошига тушган ушбу синовли дамлар, карантин кунлари ҳам тез орада ўтиб кетади. Одатдаги фаол ҳаёт тарзига қайтилгач, халқимиз дастурхонининг тўкинлиги, оилаларимиз фаровонлигини таъминлаш, бозорларда нарх-наволар ошиб кетишининг олдини олиш учун ҳам бугуннинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб ишлашимиз керак бўлади, – деди Р.Маматов.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
Матбуот хизмати