Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Маҳалла раиси дардимизни тингламади
17:53 / 2020-08-10

Маҳалладаги кўп қаватли уйлар жойлашган Нурзиё кўчасига кириб борар эканмиз, кўчаларнинг озода, покиза ва ободлигини, бинолар таъмирланганлигига кўп бўлмаганлигини кўриб, хурсанд бўлдик.


Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Андижон вилояти Булоқбоши тумани Нефтчилар маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда яшовчи Назира Адишева, Гулбаҳор Ҳожиматова ҳамда “Истиқлол” маҳалласида яшовчи Майрамхон Яқубовадан қуйидаги мурожаат келиб тушди.

“Ассалому алайкум.

Биз кам таъминланганлар рўйхатида, темир дафтарда турамиз. Лекин Президентимиз ажратган 1 миллион ва кам таминланганларга нимаики ёрдам берилаётган бўлса, фақат телеканаллар ва интернетдан кўрамиз. Бизга ажратилганларини маҳалла фаоллари ҳазм килию юборяптимикин, билмадик?

Сиздан илтимос йўл йўриқ кўрсатсангиз”

ЎзА мухбирлари ушбу мурожаат бўйича Булоқбоши тумани Нефтчилар маҳалласига бориб суриштирув ўтказди.

Маҳалладаги кўп қаватли уйлар жойлашган Нурзиё кўчасига кириб борар эканмиз, кўчаларнинг озода, покиза ва ободлигини, бинолар таъмирланганлигига кўп бўлмаганлигини кўриб, хурсанд бўлдик. Чунки чекка қишлоқдаги қачонлардир қурилган кўп қаватли уйлар эътибордан четда қолмаганлиги албатта, қувонарли.

Нурзиё кўчасидаги 5-уй 12-хонадонда яшовчи Назирахон Адишева уйига кирдик. Биринчи қаватда жойлашган уч хонали уйнинг атрофи тўсилиб, қўшимча бино қурилган ушбу хонадонда уч оила, 13 жон яшар экан. Яъни, оиладаги иккинчи турмушга узатилган кизнинг биринчи оиласидан қолган бир қиз билан унинг ота-онаси, Назирахон Адишева 4 фарзанди билан ҳамда уч фарзанд билан оиланинг ўғли ва келини истиқомат қилади. Назирахон ва келинининг ҳали ёшига етмаган фарзандлари борлиги учун ишлай олишмайди. Ўғиллари Россия Федерациясига ишлагани кетган.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам анча ночор, оила. Мана беш ойдирки, коронавирус пандемияси сабаб Россияда ишлаб юрган ўғилдан пул келмаяпти. Оила бошлиғи Ҳусанбой Жабборов эса сил касаллиги билан оғрир, биз борган пайтда у Асака туманидаги сил касалликлари диспансерида даволанаётган экан. Айни пайтда 13 жон яшаётган оиланинг даромади оталарининг 376 минг сўм нафақа пули ҳамда Назирахонга бериладиган 376 минг сўм моддий ёрдам пулидан иборат экан. Оила бекаси Лобархон опа бу йил нафақага чиқади, қолаверса, у ҳам касалманд, тез-тез даволаниб туришга мажбур.

5.JPG

– Қизим, Назирахон турмушдан ажраб, тўрт боласи билан менинг қарамоғимда, – дейди онаси Лобархон опа. – Ўғлимдан ҳар ойда пул келиб турарди, тирикчиликни амаллаб ўтказардик. Мана беш ойдирки карантин сабаб ўғлим ишламаётганлиги учун пул юбора олмаяпти. Анча қийналиб қолдик, бу ёғда турмуш ўртоғим касал. Нима қилишни билмай қолдим. Маҳалла идорасига кўмак сўраб чиқсам, қулоқ солишмади.

Наҳотки, маҳалла мутасаддилари шунчалар эътиборсиз бўлса, деган фикр, қолаверса, аёлнинг гаплари қанчалик ҳақиқат эканлигини билиш мақсадида суҳбатни маҳалла идорасида мутасаддилар иштирокида давом эттирадиган бўлиб маҳалла идорасига йўл олдик. Идорада бизни маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Гулнозахон Солиева кутиб олди.

– Мен 1 августдан иш бошладим, – дейди у. – Айниқса, “Темир дафтар”га киритилган оилалар, хусусан, Назира Адишева ва Гулбаҳор Ҳожиматова хонадонида бўлиб, шароитларини ўргандим, улар билан суҳбат ўтказдим. Уларга имкон қадар ёрдам кўрсатилишини айтдим. Шу пайтгача ушбу оилалар қандай ёрдам олганликлари ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман.

Айни кунда 790 хонадонда 3 минг 500 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Нефтчилар маҳалласи раиси ишдан бўшаб кетганига ўн кундан ошган. Маҳалла раиси вазифасини ҳозирга қадар котиб вазифасида ишлаб келаётган Маҳфузахон Авазова бажариб келаётган экан. У билан телефон орқали боғланганимизда иш билан туман марказига кетганлигини айтди. Маҳалла идорасига келишини, ариза юзасидан билдирилган фикрларга аниқлик киритишини илтимос қилдик.

Кўп ўтмай раис вазифасини бажарувчи М.Авазова идорага кириб келди. Мурожаатчилар ҳамда маҳалла мутасаддилари иштирокида суҳбатни давом эттирдик.

– Назирахон Адишева, Гулбаҳор Ҳожиматовалар оилалари ҳақиқатдан ҳам ёрдамга муҳтож оилалар, – дейди М.Авазова. – Маҳалламизда 78 оила “темир дафтар”га киритилган. Уларга имкон қадар кўмак берилмоқда. Шу жумладан, мурожаат қилган оилаларга ҳам пандемия давомида ҳомийлик, хайрия ёрдамлари маркази томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан бир қоп ун ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Бундан ташқари, Н. Адишевага икки ойдан буён моддий ёрдам пули ажратилмоқда.

4.JPG

Мурожаатчилар бу фикрларга эътироз билдирди. Қачонки, туман ҳокимига учрашганидан ҳамда Call-markaz га телефон қилингандан сўнггина ёрдам кўрсатилганлиги, маҳалла мутасаддилари уларнинг илтимосларини инобатга олмаганлигини, арзларини эшитмаганлигини айтишди.

Суҳбат асносида раис вазифасини бажарувчи Президентимиз фармони асосида тарқатилаётган моддий ёрдам пулларини олувчилар рўйхатига ҳам ушбу оилалар киритилганлигини таъкидлади.

Тўғри, ҳозирги карантин шароитида ҳеч кимга осон эмас. Айниқса, юқоридаги каби оилаларга. Бироқ, “маҳалладан кўмак берилмаяпти” дейилиши ҳам очиғи, инсофдан эмас. Ушбу оилаларга икки марта ёрдам кўрсатилибди, Н.Адишевага икки ойдан буён ёрдам пули берилиб келинмоқда экан. Яна ушбу оилалар Президентимиз томонидан ажратилган бир марталик ёрдам пули олишлари учун рўйхатга киритилибди. Ахир бугунги кунда ёрдамга муҳтож оилалар оз эмас. Уларнинг барчасига доимий равишда ёрдам кўрсатишнинг имкони йўқ. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам маҳалла мутасаддилари энг аввало, шароити ўта оғир оилаларни эътибордан четда қолдирмасликлари лозим.

Эҳтимол, маҳалла раиси аҳоли билан иш олиб боришдаги камчиликлари учун ишдан бўшатилгандир. Нима бўлганда ҳам маҳаллада аҳоли билан иш ташкил этишда янгича ёндашув йўлга қўйилиши, аҳолининг арз ва мурожаатлари албатта, эътиборга олиниши лозим.

Яқин кунларда маҳалла раиси сайлови ўтказилиши белгиланибди. Маҳалла аҳли ишонч билдириб сайлайдиган янги раис ўз атрофига одамлар билан ишлай оладиган жамоани жипслаштириб, барча йўналишлардаги ишларни тўғри ташкил этишига умид қиламиз.