Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МАҲАЛЛА ДЕГАН ҚЎРҒОН (Биринчи мақола)
16:10 / 2020-04-11

2020 йилнинг 18 февралида ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаётимизда жуда катта ҳодиса рўй берди.


2020 йилнинг 18 февралида ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаётимизда жуда катта ҳодиса рўй берди. Ўзбекистон республикасида биринчи маротаба Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил топди. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган янги вазирликнинг аҳамияти бугунги глобаллашув жараёнида шу қадар каттаки, буни ҳар биримиз чуқур англаб олишимиз зарур.

***

Бугун дунё аҳолиси сони саккиз миллиардга яқинлашди. Жаҳон халқларининг истеъмолидаги тиллар етти мингтага етди. Миллат ва элатлар сони икки мингдан зиёдни ташкил қилмоқда. Мамлакатлар сони ҳам икки юзтадан кўпроқдир. Бу рақамларга одамзод қадимги ғор шароитидаги тўда, қабила бўлиб яшай бошлаган ибтидоий замонлардан қарийб бир ярим миллион йилга яқин вақт ўтгач эришиб турибди.

Ўтган вақт мобайнида неча-неча тамаддунларни яшаб, поёнига етган одам боласи бугун – ХХI асрга келиб не тонгки ­– ёлғиз қолди. Бу ёлғизлик тўдасидан айрилиб қолган ғор одамининг ёлғизлигидан тамоман фарқ қилади. Айни дамда бу танҳолик анча аянчли ҳамдир. Негаки, ул қадим аждодимизда танҳоликда жуда катта қўрқув ва умид бўлган. Ғор деворларига тирмашиб, атрофини ўраган табиат кучларидан қўрқиб, ўзи англамаган илоҳий қудратдан умид қилиб ёлғизликдан қочган ва муродига етган. Зотан, одамзод ҳамиша истагига етади.

Бугунги кун одамининг ёлғизлиги эса кўнгилда кечаётир. Атроф тўла одам, цивилизациянинг энг олди имконлари унинг қаршисида муҳайё, аммо бу одам жудаям ёлғиздир. Ёлғиз кишининг, умуман бугунги кун одамининг энг катта фожиаси зерикишдир. Зерикаётган одамдан кўра хавфли одам йўқ. Боз устига ёшликдаги зерикиш хавфли, қариликдагиси эса аламли бўлади. Инсонни ёлғиз қолдириб бўлмаслиги ҳақидаги Шарқ донишмандлиги ҳам, муқаддас динимиздаги қараш ва қадриятлар ҳам бежизга вужудга келиб ҳаётга татбиқ этилмаган, сингдирилмаганки, уларда ҳаётнинг теран ҳақиқати бор.

Шу ўринда ибрат ва сабоқ учун Ғарб тамаддунининг кейинги юзйилликда бошидан кечирган ижтимоий-маданий кечмишидаги айрим жиҳатларга кўз ташлаб ўтишимиз ўринли. Бугунги тараққий этган дунёнинг одами уйга қамалган ҳолида ҳам турмуш учун зарур бўлган ҳар бир эҳтиёжини шу ерда туриб қондирадиган даражага келиб етди. Таъбир жоиз бўлса, пультда барча ишни амалга ошириш мумкин бўлиб қолди. Уйда қозон осмай ҳам овқатланиш, исталган маълумотга ўтирган жойида туриб эга бўлиш, виртуал дўстлик, виртуал никоҳ, интенсив болалик, ёшараётган қарилик... бу каби белгилар ривожланган Ғарб мамлакатларида ҳам, демографик ўпирилишларга эга бўлган айрим мамлакатлар аҳолиси орасида ҳам сезиларли фоизларни ташкил этмоқда. Кейин бир катта омил ҳам ёлғизликка олиб келдики, буни албатта иқтисодий даража билан изоҳлаш мумкин. Одам боласи бўлган сайин бўлсам деган ақидага ўзи билиб-билмай етишиб келди. 

Ва ҳашамнинг, ортиқча оҳанжаманинг ихтиёрий қулига айланди. Бу қуллик одам учун лозим бўлган энг (аслида одамга у қадар кўп нарса керак эмас.) муҳим нарсалар йўлига ғов бўлди. Бу тўсиқ инсонни уйланиб оила қуриш каби оддий табиий бурчдан, ота-она, қавму қариндош дийдоридан, фарзанд камолга етказиш каби бахтдан маълум маънода мосуво қилди. Одамзоднинг топгани ўзига зеб, оро беришдан ортмай қолди. Бундай вазиятда инсоннинг теграсини дардини оладиган умр йўлдош ёки ота-она эмас техникалар ўраб олди. Аниқроғи ўзи билан ўзи бўлиб қолган, айни пайтда ўзига тўқ одамда энди оилага эҳтиёж, ҳафсала йўқолди. Бир марта ишлатиладиган матоҳ шаклидаги турмуш тарзи глобаллашувнинг кўриниши ўлароқ майдонга чиқди. Бир марталик турмуш кўринишини бир марталик жуфтлашув, бир марталик вақтичоғлик, бир марталик ҳузур ташкил этди. Бу тарз одамга ёқа бошлади. Бировдан қўрқмай, уялмай, ҳайиқмай, умид қилмай ўзи яратган ҳаётга кўниккан одамни соғинч, бировнинг ғамига шериклик, бировга елкадошлик, яратувчанлик каби асл туйғулар тарк этди. Ана шу одам боласи энди зерикди. Оммавий маданиятнинг қисмлари бўлган бир жинслилар никоҳи, ақлга, инсоний тафаккурга зид бўлган турли иллатлар ўйлаб топилди.

Хожа Юсуф Ҳамадоний “Банда бутун азамати, мукаррамлигига қарамай барибир махлуқлир”, дейди. Бу сўзни улуғ муттақий зот айни шу ёлғиз инсоннинг ҳоли билан боғлаб кўрсатади, таҳлил этади. Тараққиётнинг бошқарувчиси эмас, унинг қулига, мубталосига айланган, вафо ва меҳрни одамдан эмас, матоҳлардан излаган замондошимизнинг ҳолати жуда аянчли. Буни маънавий таназзул шаклларида баралла кўришимиз мумкин. Хуллас, бу мавзуда айтиш мумкин бўлган, мунозарага арзирлик гаплар бисёр.

Оддий, ўзбекча қилиб айтганда, тўқликка шўхлик қилаётган замондошларимизнинг бугунги тантиқлигига боқиб, иккита жаҳоний урушни, миллионлаб кишиларни ҳалок қилган вабо-ю ўлатларни, очарчилик, қатағон суронларини бошдан кечириб, булардан мардона ИНСОН бўлиб ўтган боболарнинг авлоди эканига ишонгинг келмайди, киши. Жамоадан танҳоликка, сон жиҳатдан кўпайгани сари, бир-биридан безиб, қорни тўйгани, фаровонлашгани сари инжиқлиги, талаблари ортиб, алалоқибат полинизмдан индивудиализмга ҳатлаган одам руҳий, маънавий таназзулнинг оғир асоратларини бошдан кечирмоқда.

Бу асоратлар тиббий, иқтисодий, сиёсий, маиший ва бошқа кўплаб соҳаларда ўз изини қолдирмоқда. Ва бунинг шифосини, таъбир жоиз бўлса, давосини бир-иккигина сўзда ифодалаш мумкинлигини эса бугун биз кўриб турибмиз.Бу сўзлар: ОИЛА, МАҲАЛЛА деган сўзлардир.

Халқимизда “Одам одамнинг ойнаси”, “Бир болага етти маҳалла ота”, “Одам дардини одам олади”, “Одам одам билан тирик”, “Болангни ё устозга қўй, ё даврага қўй”, “Ватан остонадан бошланади” каби ибратли сўзлар бор. Буларни яратган халқнинг бугунги истиқболи ҳам шунга мувофиқ бўлиши табиийдир.

Шунинг учун ҳам ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги жамиятимиз учун ниҳоятда катта зарурат бўлиб вужудга келди. Оддий бир ҳаётий мисол-мушоҳада: маҳалла кўчасида кетаётган 10-11 ёшли ўсмир болани кимки кўрмасин албатта, танийди. Саломига алик олади, салом бермаса ёши улуғлар танбеҳ ҳам беради. Танимаганлар кимлигини, кимнинг фарзанди эканини сўрайди. Бу болада ўз-ўзидан фаросат пайдо бўлади, беқилиқ ҳаракатлар қилишдан тийилиш, уялиш, ўзгаларга ҳурмат ҳисси шаклланади. Бу ҳали оиладан ташқаридаги тарбия. Ана шундай муҳитга эга бўлмаслик эса айрим манзиллардаги каби танҳоликни пайдо қилади ва инсонни ҳалокатга олиб келади.

Шундай номли-ю номсиз ҳалокатларнинг олдини оладиган маҳалла қўрғони бут бўлсин!
Ш. Саломов