Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мўғул тили ва унинг матнчилик анъаналари тарихан эски туркий тилдан андоза олган
11:31 / 2020-02-09

Ўзбек туркологиясининг кейинги 25–30 йиллик тараққиёт йўли кузатилса, унда тарихий лексикология ва лексикография йўналиши билан боғлиқ ишлар салмоқли ўрин эгаллаганлигига шоҳид бўламиз.


Ўзбек туркологиясининг кейинги 25–30 йиллик тараққиёт йўли кузатилса, унда тарихий лексикология ва лексикография йўналиши билан боғлиқ ишлар салмоқли ўрин эгаллаганлигига шоҳид бўламиз. Бу йўналишда қўлга киритилган илмий натижалар сифатида ёзма ёдгорликлар лексикаси билан боғлиқ тадқиқотларни ҳамда улар бўйича тузилган луғатларни эслашнинг ўзи етарли. Бироқ, уларда ёзма манба тилида қўлланган сўзларнинг саноғи (статистикаси) турлича қайд этилган.

Бунга бир мисол, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-т-турк” асари билан шуғулланган айрим изланувчилар ҳисоб-китоби бўйича асарда 8000 атрофида туркий сўз таҳлил этилган. Бошқа бир олимларнинг саноғида эса туркий сўзлар сони 8500 дан ортиқ. Умуман, тарихий лексикологияга бағишланган илмий ишларда асар тилида қўлланган сўзлар саноғи турлича эканлигининг сабаби, шу кезга қадар ўзбек тилшунослигида ёзма ёдгорликларда қўлланган лексик бирликларни қайд этиш (идентификациялаш) принципининг ишлаб чиқилмаганлиги билан боғлиқ. Хусусан, баъзи изланишларда мураккаб ёки қўшма феъллар бир лексик бирлик сифатида, бошқасида эса феълнинг ҳар бир бўлаги алоҳида луғат мақола кўринишида қайд этилади.

Масалан, тарк айлади феъли бир сўз сифатида ҳам, тарк ва айлади сифатида икки лексик бирлик сифатида ҳам статистикада берилган ўринлар бор.

Шу ўринда “Муҳокамату-л-луғатайн” асарида сўз саноғи билан боғлиқ бир илмий мулоҳазага эътиборингизни қаратсам. Навоий ёзади: “Яна андоқки, туз [ингичка талаффузли] сўзики, ундан бир неча маънони англаш мумкин. Бири, туз – “ўқ ёки найзага ўхшаш нарса”га айтилади, яна туз – “текис дашт”ни дерлар, яна туз – “тўғри киши”ни айтадилар, яна туз – “чолғуни созламоққа буйруқ”дир, яна туз – “икки киши орасида мувофақат солмоқ (уларни келиштириш, яраштириш)”. Яна туз – “бирор мажлис (ўтириш) анжомлари”ни айтиш ҳам мумкин”. Навоий келтирган маълумотдан англашиладики, ингичка талаффуз этилувчи туз сўзи олти хил маънони англатади ва ушбу лексик бирликларни илмий ишларда алоҳида сўз шакллари сифатида бериш керак. “Ош тузи” англамидаги туз эса бошқа бир сўз; у йўғон талаффуз қилинади ва бу сирага кирмайди. Ана шундан келиб чиқиб, муайян асарнинг луғат бойлиги аниқлаганда юқоридаги жиҳатларни эътиборда тутган яхши. Шунда асардаги сўзлар саноғи тўғри чиқади. Демак, ёзма ёдгорликларни нашрга тайёрлаганда, матн илмий транскрипцияда берилмоғи керак.

Шунда тарихий асарларда қўллаган сўзларнинг статистикасини тўғри аниқлаш имкони тўлиқ таъминланади.

Лексикографик тадқиқотларда сўзларнинг генетик таҳлили билан боғлиқ юзага келувчи яна бир масала. Туркий ёзма ёдгорликларда қўлланган сўзларнинг келиб чиқиши тўғрисида сўз борганда уларни араб, форс, мўғул, хитой, ҳинд сингари тилларга боғлаш анъанага айланган. Бу соҳада илмий асосга эга бўлмаган қарашлар ҳам анчагина. Яна ҳазрат Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайн”ига эътибор қаратамиз. У ёзади: “Яна бир “вāв” ва “лāм”ни баъзи сўзга қўшиб бир махсус сифатни белгилайдилар, бундай сўзлар подшоҳларнинг уруш асбоблари ёки базм ишларида қўлланади.

Андоқки, хиравул-у қаравул ва чингдавул-у йaнгавул ва сўзавул-у тапавул ва китпавул-у йасавул ва бакавул-у шиғавул ва дақавул ким, улар бундан бебаҳрадирлар”. Кўриб турганингиздек, эски ўзбек тилида уруш ва базм ишлари билан боғлиқ лексика –вул қўшимчаси воситасида ясалиши ва уларнинг ишлатилиш доираси ҳам кўрсатилиб берилмоқда. Шунга қарамай, ҳанузгача аксар тадқиқотларда айни қолипда ясалган ҳарбий лексикани ва айрим тарихий атамаларни (масалан, қарши сингари) мўғул тилидан ўзлашган деб кўрсатилмоқда. Тарихан, -вул қўшимчаси соф туркий бўлиб, ундан ясалган сўзлар ҳам ўзимизники. Ёки қарши сўзи ҳам туркий бўлиб, “хон саройи, ўрдаси” деган маънони билдиради.

Аслида, мўғул тили ва унинг матнчилик анъаналари тарихан эски туркий тилдан андоза олган, биз улардан эмас. Бу нарса дунё фанида аллақачон исботланган илмий ҳақиқатдир. Бугина эмас, тил тарихи билан боғлиқ тадқиқотларда қўшни тилларнинг туркий тилга таъсири, адабий ва маданий алоқалари масаласида асосли маълумотларга таянилгани маъқул.

Қудратулла Омонов, 
Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори