Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мўминжон ота Тошматов: Халқимиз барча синовларни, албатта, енгади
13:50 / 2020-05-01

Фарғона вилояти Қува туманидаги Муйдин Ҳасанов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ўз қаҳрамонлари билан фахрланади.


Фарғона вилояти Қува туманидаги Муйдин Ҳасанов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ўз қаҳрамонлари билан фахрланади. Маҳаллага номи қўйилган бу инсон Иккинчи жаҳон урушида катта жасорат кўрсатиб, қаҳрамон бўлган.

Бу ерда яна бир хонадонда урушнинг мудҳиш кунларини кўриб, унинг иштирокчиси бўлган Мўминжон ота Тошматов истиқомат қилади. Хонадон доимо у билан суҳбатлашиш ва дуосини олмоқчи бўлганлар билан гавжум. Йўқлагувчилар дийдоридан отахоннинг қувончи чексиз.

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларнинг бардавомлигини таъминлаш, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган, навқирон авлод тарбиясига беқиёс ҳисса қўшаётган кексаларни эъзозлаш халқимизга хос бебаҳо фазилатдир. Бинобарин, Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай инсонпарвар тамойиллар мужассам. Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда бу борада аниқ тадбирлар белгиланган. Айни кунларда шаҳар, туманларда уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар хонадонида бўлиниб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Элёржон Ҳайдаматов бу нуроний отахоннинг хонадонида бўлди, у билан дилдан суҳбат қурди.

photo_2020-05-01_13-42-40.jpg

5 май Мўминжон отанинг туғилган куни. 97 баҳорни қарши оладиган нуроний ўз умрини одамларга эзгулик улашиш, уларни маърифатга чорлаш, илм зиёсидан баҳраманд этишга бахшида қилди.

Иккинчи жаҳон урушига отланганида Мўминжон Тошматов 18 ёшда эди. Миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритган ушбу урушда у нималарни кўрмади, дейсиз?! Вайрон бўлган шаҳару қишлоқлар, бир бурда нонга зор етим болалар, ҳаётдан бевақт кўз юмган қуролдошлар... Буларнинг барчаси ҳали-ҳануз кўз ўнгида.

–Шу қирғинбарот урушдан омон қолиш насиб этди, – дейди отахон. – Пенза шаҳри учун бўлган жангларда қатнашдим. Урушдан қайтиб, Қўқонда ҳисобчилик бўйича ўқидим, узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги ва савдо тизимида меҳнат қилдим. Бундай бахтли кунларнинг бир лаҳзасини бутун умрларга алишмайман. Тақдиримдан миннатдорман. Халқимиз бошидан кўп оғир кунларни кечирди. Бугунги синовли кунлар ҳам ўткинчи. Жипслигимиз ва олижаноб фазилатларимиз билан албатта буларни енгиб ўтамиз. Давлатимиз раҳбарининг жонсараклигини, халқпарварлигини кўриб, Ўзбекистон бахтига соғ бўлсин дея дуолар қиляпмиз.

Отахон турмуш ўртоғи Тоштиллахон ая билан уч ўғил ва беш қизни тарбиялади. Шу фараҳбахш кунларда бу инсон набираю эвара ҳамда чевараларининг шўх-шодон кулгисини кўриб, қарилик гаштини сурмоқда. Президентимизнинг фармонига биноан М. Тошматов “Жасорат” медали билан тақдирланган.

2000 йилда Мўминжон ота ҳаж зиёратига борди. Тетик ва бардам нуроний 2017 йилда пойтахтимизда бўлиб ўтган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни тантанасида қатнашди. Президентимиз билан суҳбатда бўлди. Давлатимизнинг юксак эътибори у кишининг умрига умр қўшмоқда. Отахон элу юртнинг ҳурмат-эҳтиромидан миннатдор эканини айтиб, дуога қўл очганда, Ватанимизга тинчлик-омонлик, фаровонлик тилайди.

Шуни айтиш керакки, вақт ўтиб боргани сари Иккинчи жаҳон уруши йилларида чинакам инсонийлик намунасини кўрсатган юртдошларимизнинг ғалабага қўшган ҳиссаси қадри ортиб бораверади. Халқимиз уларнинг тинчлик йўлидаги буюк жасоратини асло унутмайди.