Мўл ҳосилга пухта замин
Сурхондарё вилояти ғаллакорлари келгуси йил ҳосили учун 98 минг гектар суғориладиган майдонда бошоқли дон майсаларини парвариш қилмоқда.
Сурхондарё вилояти ғаллакорлари келгуси йил ҳосили учун 98 минг гектар суғориладиган майдонда бошоқли дон майсаларини парвариш қилмоқда.Маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил ва эртапишар “Таня”, “Крошка”, “Половчанка”, “Краснодар-99”, “Гром” ғалла навлари уруғини бир текис ундириб олган миришкорлар майса парваришини уюшқоқлик билан амалга оширмоқда. Айни кунларда суғориш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш юмушлари қизғин давом этаётир.
Мутахассисларнинг фикрича, қишки юмушларнинг белгиланган муддатларда сифатли бажарилиши майсанинг баравж ривожланишига хизмат қилиб, экиннинг турли касалликларга чидамлилигини таъминлайди.
Жарқўрғон тумани фермерлари 9 минг 330 гектар майдонда келгуси йил ҳосили учун бошоқли дон майсаларини парваришлаётир. Тумандаги “Искандар – Исроил” фермер хўжалиги ғаллакорлари 112 гектар майдонда бир текис ривожланаётган майсани суғориш, озиқлантириш ишларини босқичма-босқич амалга оширмоқда.
– Ғалла дастурхонимиз файзи, фаровон турмушимиз гарови, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Омон Аҳадов. – 2014 йилда ғалладан мўл ҳосил олинди. Шартномада белгиланганидан ортиғи хўжалигимиз ихтиёрида қолди. Кузнинг илиқ кунларидан фойдаланиб, сифатли уруғ қадаган эдик. Бир текис униб чиққан экинни агротехник тадбирлар асосида икки марта суғордик, бир марта ўғит билан озиқлантирдик. Бу юмушларнинг ўз муддатида сифатли бажарилаётгани майсанинг совуқ иқлимга чидамлилигини ошириб, мўл ҳосилга пухта замин ҳозирлайди.