Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келган юк автотранспорт воситасига ҳужжатларга кўра 9 минг дона пластик идишларга қадоқланган 18 тонна анор шарбати ортилган бўлиб, пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига юборилган.
Аммо юклар Хавфларни бошқариш тизимида “қизил йўлак”ка йўналтирилди.
“Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари ва чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ушбу юк авто транспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилди.
Кўрик давомида шубҳага сабаб бўлган жиҳат шундаки, айрим анор шарбати идишларига “М” ҳарфи белгиси туширилган бўлиб, айнан шу идишлардаги шарбатнинг ранги ҳам бошқаларидан бироз фарқ қиларди. Қолаверса, айнан шу идишлар очиб кўрилганида, идиш оғзидаги ҳимоя қатламлари ҳам муқаддам очилгани шубҳаларни янада орттирди.
Гиёҳвандлик воситаларини тезкор аниқлашга хизмат қилувчи синама кўмагида ушбу шарбат текшириб кўрилганида, унинг таркибида “метамфетамин” номли синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Айнан “М” ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблаганда уларнинг умумий оғирлиги 103 кг.ни ташкил қилди.
Нега айнан “М” ҳарфи? Экспертиза хулосасига кўра, шарбат таркибидаги модда метамфетамин синтетик гиёҳвандлик воситаси бўлиб чиқди.
Одатда кристалсимон кўринишда бўладиган мазкур моддани қонунбузарлар кейинчалик лаборатория ёки оддий уй шароитида шарбат таркибидан ажратиб олишни режалаштирган.
Мазкур модда анъанавий гиёҳвандлик воситаларига нисбатан энг кучли қарамликни, узоқ давом этадиган уйқусизликни келтириб чиқарадиган, марказий асаб тизимини ишдан чиқарадиган ҳалокатли синтетик наркотик ҳисобланади.
Дунё бўйлаб қора бозорда метамфетаминнинг 1 грамми айрим давлатларда ҳаттоки 700 АҚШ долларигача кўтарилганини инобатга олсак, мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган ушбу модданинг умумий қиймати бир неча ўн миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, метамфетамин моддаси мамлакатимиз ҳудудида муомаласи тақиқланган наркотик моддалар рўйхатига киритилган.
Республикамиз божхоначилари 2022 йилда аниқланган 41 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 109.3 кг., 2023 йил 1-чорагида эса 10 та ҳолатда 103,3 кг. оғирликдаги синтетик гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига ўз вақтида чек қўйди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА