Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида водород сульфид сизиб чиққан қудуқда сўндириш жараёни якунлангани тўғрисида маълумот тақдим этилган эди. Жараёнга Россия ва АҚШдан мутахассислар жалб қилинган.
Лекин жорий йилнинг 17 сентябрида мазкур ҳудудда яна водород сульфид сизиб чиқиши ва портлаш юз берган.
АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев мазкур ҳолат юзасидан маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, техноген офатда икки нафар шахс вафот этган, жароҳатланганлар бор. Ҳозирда терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йил 1 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласи ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сульфид) гази чиқиши бошланган эди.
2 сентябрга ўтар кечаси ФВВ томонидан қудуқ яқинидаги аҳоли эвакуация қилингани, вазият тўлиқ назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқлиги ҳақида баёнот берилган. Бахтсиз ҳодисани бартараф этиш ишлари икки ҳафта давом этган. 15 сентябрь куни соат 16:50 да сизиб чиқиш тўхтатилган. Бурғилаш ишларини олиб бораётган Eriell компаниясининг маълум қилишича, қудуқ герметикланган ва сўндирилган.
Аммо ҳодисадан кейин водород сульфиднинг кучли ҳиди ҳақида хабар берилган ва яқин атрофдаги манзилларда истиқомат қилувчи аҳоли бош оғриғи ва кўнгил айнишидан шикоят қилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА