Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Луқма: Президент қарори ижроси нега таъминланмаяпти?
14:46 / 2022-07-20

Кейинги йилларда мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, янгидан-янги ташаббуслар ҳаётимизга жорий қилинмоқда.

Жадал ислоҳотларга мос равишда Президент томонидан қабул қилинаётган фармон, қарор ва бошқа ҳужжатлар сони ҳам кўпайди. Аммо, афсуски, айрим жойларда мана шу қабул қилинаётган ҳужжатларнинг ижроси масаласида сусткашлик, эътиборсизлик, масъулиятсизлик ҳолатларига йўл қўйилаётгани ҳам бор гап. 

Узоққа бормайлик, 2019 йил 2 декабрда Президентнинг “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унда ЎзА фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ижроия органларига бир қатор вазифалар юклатилган эди.

Мазкур қарорнинг эълон қилинганига 2 йилу 7,5 ойдан ошди. Жумладан, ушбу ҳужжатнинг 11-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ЎзА билан биргаликда икки ой муддатда тегишлича:

Қорақалпоғистон ахборот агентлигини жойлаштириш учун бино ажратиш ва уни Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг қўшимча манбалари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига таъмирлаш ва жиҳозлаш;

ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктларини ташкил этиш учун вилоятлар марказларидан зарур шарт-шароитларга эга бинолардан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жой ажратиш, уларни белгиланган тартибда таъмирлаш ва жиҳозлаш чораларини кўриши белгиланган.

Ижро учун йўлланганига салкам 3 йил бўлаётган мазкур қарор ижроси айрим вилоятларда “хона ажратдикми, ажратдик” қабилида наридан- бери хўжакўрсинга таъминланган бўлса-да, минг афсуски, баъзи вилоятларда ҳали бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган.

Демоқчимизки, айрим вилоятларда ЎзА мухбирлик пунктлари учун жой ажратилган,  бироқ белгиланган тартибда таъмирлаш ва хонани жиҳозлаш ишлари якунига етказилмаган. Яъни Президент қарорининг ижроси тўлиқ бажарилмаган.

Жиззах вилоятида Президент қарори ижроси доирасида вилоят ҳокими топшириғига биноан минтақавий мухбирлик пункти учун ажратилган жойни  янги келган раҳбарлардан бири   тортиб олганини қандай изоҳлаш мумкин?! Мана сизга, Президент қарорига муносабат?!  

Гап шундаки, Жиззах вилоятида ЎзАнинг мухбирлик пунктини ташкил этиш учун роса югур-югурлардан кейин 2021 йилнинг июль ойида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев топшириғи билан Жиззах шаҳри Шароф Рашидов шоҳ кўчасидаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли бинонинг 2-қаватидан 1 та хона ажратиб берилганди. Лекин бу хона спорт ва туризм соҳалари алоҳида-алоҳида вазирлик сифатида ажратилганидан сўнг вилоят спортни ривожлантириш ишлари бош бошқармаси бошлиғининг янгидан тайинланган ўринбосари Абдуғаффор Ҳосилмуродов томонидан эгаллаб олинган. 

Айтишларича, ўринбосар ЎзА вилоят мухбири 2022 йил март ойида меҳнат таътилида, фотомухбир эса хизмат сафарида бўлганидан фойдаланиб, “Энди туризм бўйича ўринбосар бизнинг раҳбаримиз эмас, унинг топшириғи бизга ўтмайди, ким нима деса, ўзим жавоб бераман” дея эшик қулфини буздириб, ўзбошимчалик билан хонани эгаллабди.

ЎзАнинг вилоят мухбири Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Синдар Раҳмонқуловни, вилоят ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи Азамат Дархоновни, вилоят ҳокимининг ёрдамчисини ҳолатдан хабардор қилганига қарамай, тўрт ойдан буён ҳеч қандай амалий чора кўрилмаяпти. 

Айни пайтда Жиззахда ЎзАнинг вилоят минтақавий мухбирлик пункти (хонаси) мавжуд эмас. Мухбирлар 4 ойдан буён турли интернет кафеларда, ахборот-ресурс марказида, далада, хиёбонларда, кўчада ва уйида ижод қилмоқда...

Бундан  баттари бўлиши мумкин эмас, дерсиз? Йўқ, мумкин экан. Хоразм вилояти ҳокими Президентимизнинг 2019 йил 2 декабрдаги ПҚ-4541-сонли қароридан умуман бехабар бўлса керак. Акс ҳолда Урганчда ЎзАнинг минтақавий мухбирлик пунктини бекаму кўст қилиб ташкил этиб берган бўлар эди. Балки ушбу мақоламиз Хоразм вилояти ҳокимлигига етиб боргач, жаноб ҳоким давлатимиз раҳбарининг бу қарори билан танишиб чиқарлар-а?

Мухтасар айтганда, вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда масъулиятсизлик ҳолатларига йўл қўйилмоқда.  

Бу ҳолатни жойлардаги мутасаддилар, вилоят ҳокимлари қандай изоҳлашини билмаймизу, биз буни ҳукуматимизга, Президентимиз қарорига беписандлик ва топшириқларни бажаришга масъулиятсизлик билан қараш сифатида баҳолаймиз. 

Янги Ўзбекистонни биргаликда, ҳамжиҳатликда барпо этарканмиз, ҳар биримиз амалга оширилаётган ислоҳотлар, хайрли ташаббусларга “лаббай” деб жавоб беришимиз, жонажон Ўзбекистонимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида камарбаста бўлишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Таъкидлаш жоизки,  Президент томонидан қабул қилинаётган барча ҳужжатлар ва топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш мамлакатимиз тараққиётига  хизмат қилади.

Аловуддин Ғаффоров, ЎзА