Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лойиҳалар ижросида хориж компаниялари иштироки кенгаймоқда
17:27 / 2021-11-24

Фарғона вилоятида Хитой Халқ Республикасининг “Qianxing” компанияси сармоядори Хонг Зи Янг ҳамда “LiLi Medical center” компанияси раҳбари Ли Руили бошчилигидаги делегация ҳамкорлигида муҳим келишувларга эришилди.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган қабулда Фарғона вилоятининг инвестиция салоҳияти ҳамда амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик  лойиҳалар борасида сўз борди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳри Алишер Навоий кўчасидаги Тадбиркорлар уйи ёнида қурилиши белгиланган 18 қаватли замонавий бизнес ва савдо маркази ҳамда меҳмонхона лойиҳаси, халқаро аэропорт яқинидаги «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган экошаҳар ҳамда кичик саноат ҳудуди лойиҳалари ҳақида алоҳида тўхталиб, компания мутасаддиларига бу лойиҳаларда иштирок этиш юзасидан таклиф билдирди.

Инвесторлар ҳар икки лойиҳа билан яқиндан танишганлигини ва 18 қаватли замонавий бизнес ва савдо маркази ҳамда меҳмонхона лойиҳаси уларда катта қизиқиш уйғотгани, ушбу лойиҳага сармоя киритиб, қурилиш ишларига бош бўлишлари мумкинлигини билдирди.  

“LiLi Medical center” компанияси томонидан Фарғона вилоятида йирик туризм комплекси ҳамда ёқилғини қайта ишлаш корхонаси барпо этиш лойиҳалари режалаштирилмоқда. Вилоят раҳбари мавжуд қонунчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишга кўмак берилишини ҳамда кичик саноат зоналарида бунга етарли шароит мавжудлигини қайд этди.  

Хитойлик инвесторлар Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолаб, вилоятдаги хорижий инвестиция иштирокида амалга оширилиши режалаштирилаётган бошқа лойиҳаларда ҳам ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.

Латвиянинг ISMA президенти Сандра Плот, олийгоҳнинг Фарғона филиали ректори Роман Дякон ҳамда Латвия ҳукумати вакили Саните Ругина билан учрашув бўлиб ўтди.  

[gallery-4776]

Меҳмонлар вилоят раҳбарига Фарғонада ёшлар таълим туризмини ривожлантириш ва вилоятнинг хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш бизнесини халқаро бозорларда тарғиб қилиш мақсадида вилоят субъектларини ISIC – Халқаро талабалар идентификация картаси реестрига киритиш бўйича режалаштирилаётган лойиҳа бўйича маълумот беришди. Лойиҳа доирасида шунингдек, вилоятдаги олий ва ўрта-махсус таълими муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари орасида ушбу ID-картани оммалаштириш ҳамда келгусида “ISIC Uzbekistan” ваколатхонасини Фарғона шаҳрида жойлаштирилишига эришиш мақсад қилинган.

12 ёшдан катта мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар учун мўлжалланган ISIC (International Student Identity Card) - Халқаро талабалар идентификация картаси дунёнинг 127 мамлакатида амал қилади ҳамда савдо дўконлари, овқатланиш шохобчалари, китоб дўконлари, таълим курслари, музейлар ва бошқа турдаги дунё бўйлаб жами 42 мингдан зиёд субъектларда турли чегирмалар тақдим этади. Шунингдек, мамлакат ичи ва хорижга сафарларда транспорт (авиа, темир йўл, автобус) ва меҳмонхона хизматларидан фойдаланишда сезиларли чегирмалар олиш имконини беради.

ISIC картаси ўқувчи ва талабаларга кутубхоналардан ва ахборот интернет ресурсларидан бепул фойдаланишга ҳам имконият яратади.

Учрашувда шунингдек, ISMA университети фаолиятини янада кенгайтириш жонлантириш, олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини янада ошириш, олийгоҳ учун зарур замонавий инфратузилма ва моддий-техника базасини ривожлантириш борасида ҳам сўз борди.

 

М. Сулаймонов,

 М. Қодиров (сурат), ЎзА