Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лойиҳалар амалда: Тошкент вилояти аҳолисини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш
09:34 / 2021-09-27

«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун Тошкент вилоятида жойлашган сув иншоотларига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Тошкент вилояти аҳолисини марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда «Ўзсувтаъминот»АЖ томонидан бугунги кунда вилоят сув иншоотларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.  

Пресс тур доирасида дастлабки объект Қибрай туманида жойлашган «Қодирия» сув иншооти бўлди. У ердаги катта қурилиш ишларига гувоҳ бўлдик.  

Қуввати  бир кеча-кундузда 100 минг м3 бўлган сув иншоотида бугунги кунда Осиё тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 143,4 миллион доллар бўлган «Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларида ичимлик сув тизимини модернизация қилиш» уч фазалик лойиҳаси амалга оширилмоқда. Барча техника ва технологиялар Германиядан келтирилган бўлиб, «Қодирия» сув иншоотидан Зангиота тумани ВУ-3 сув иншоотигача узунлиги 424,3 км  бўлган ичимлик сув қувурлари ва тармоқлари қуриш ишлари ҳамда 18 та сув тақсимлаш иншоотларининг қурилиши айни авжида.

- Бугунги кунда марказий сув тармоқларини ётқизиш ишлари 17 фоизга бажарилди, - дейди «Қодирия» сув иншооти қурилиши мутахассиси Камолбой Сарибоев. - Белгиланган ишларнинг амалга оширилиши натижасида 49 256 та хонадонларга сув ўлчагич ўрнатиш ҳамда 265 мингдан ортиқ аҳоли ичимлик суви билан таъминланиши кўзда тутилган. Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида жами 454,4 миллион доллар эвазига умумий ҳисобда 960 км ичимлик ҳамда 352,5 км оқова сув тармоқларининг қурилиши белгиланган. Натижада 523 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган ичимлик суви ва 620 минг нафар аҳоли оқова сув хизматлари билан таъминланади.  

Тадбир Чирчиқ шаҳридаги «Чирчиқ очиқ сув ҳавзаси»да давом этди. Сув иншоотида журналист ва блогерлар учун ташкил этилган брифингда олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди.

- «Чирчиқ очиқ сув ҳавзаси»да бугунги кунда 1- ва 2-кўтарма сув иншоотлари ишлаб келмоқда, - дейди  «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ раҳбари Илҳом Талипов. – Яъни 1-кўтармада насослар ёрдамида ичимлик сув тозалаш иншоотига етказиб берилади. У ерда сув фильтрланиб,  лойиҳавий қуввати – бир кеча-кундузда 50 минг м3 бўлган 2-кўтарма сув иншоотига ўтказилади. Бугунги кунда Чирчиқ шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 99,7 фоиз бўлиб, бундан 70 фоизи «Очиқ сув ҳавзаси» 2-кўтарма иншоотидан  таъминланади.

Шунингдек, «Тошкент сув таъминоти» МЧЖ мутахассислари соҳадаги янгиликлар, тўлов маданияти, кадрлар масаласи, марказлашган ичимлик сув таъминотидаги муаммо ҳамда сабаблари ҳақида ОАВ вакилларига маълумот берди.  

Тадбир давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.  

 

Нилуфар Бозорова, ЎзА