Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Лойиҳалар фабрикаси"ни ривожлантириш учун «Dubai future foundation» кўмаги жалб қилинади
10:57 / 2020-06-23

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев, вазирлик ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқариш маркази директори ХуррамТешабоев...


Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев, вазирлик ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқариш маркази директори ХуррамТешабоев, БАА ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазирлигининг етакчилик ва давлат имкониятлари Котибияти директори ўринбосари Ёсир Ал Нақбий ҳамда «Dubai Future Foundation» бош директори Халфан Белҳоул иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Амирлик томони «Dubai Future Foundation»нинг инновацион, талабгор инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги фаолияти, имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этди, шунингдек, бизнес-инкубаторларни яратиш борасидаги тажриба билан ўртоқлашди.

Музокаралар якуни бўйича Марказ ва «Dubai Future Foundation» ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказ салоҳиятини ошириш ва Марказ қошида фаолият юритаётган «Лойиҳалар фабрикаси» самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув дастури ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Дастурнинг асосий вазифаси янги йирик инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади.

Маълумот учун: 2016 йилда БАА вице-Президенти ва бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум томонидан ташкил этилган «Dubai Future Foundation» БАА келажагини режалаштириш ва шакллантиришда асосий роль ўйнайди. DFF Дубайни келажакнинг етакчи шаҳрига айлантиришга интилади, етук зиёлилар ва кўплаб истиқболли кашфиётчилар учун глобал йўналиш сифатида Дубай позициясини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаб, бутун дунё бўйлаб инновацион лойиҳаларни аниқлаш йўлида фаолият юритади.

Бугунги кунда DFF Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ихтисослаштирилган онлайн портал орқали кенг аҳоли учун бепул масофавий таълим берувчи "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Кенг қамровли лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг БААга 2019 йил март ойидаги ташрифи чоғида эришилган.

Манба: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сайти