Лойиҳа муҳокамасида депутатлар 10 дан зиёд таклиф билдирди
Халқ таълими тизимида фақат шаклан эмас, мазмунан ўзгаришлар юз бераётганига, шу ўринда жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган ушбу фармон лойиҳаси соҳани янада такомиллаштиришда муҳим босқич эканлигига эътибор қаратди.
Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг Президентимизнинг "Мамлакатимиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш ва тақдим этишга бағишлаган сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, халқ таълими ходимлари, кун тартибига киритилган масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни бошқарган халқ депутатлари вилоят кенгаши раиси, вилоят ҳокими Эргаш Солиев давлатимиз раҳбарининг Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқидан келиб чиқадиган муҳим вазифаларга тўхталди. Халқ таълими тизимида фақат шаклан эмас, мазмунан ўзгаришлар юз бераётганига, шу ўринда жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган ушбу фармон лойиҳаси соҳани янада такомиллаштиришда муҳим босқич эканлигига эътибор қаратди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Фурқат Жўрақулов сессия қатнашчиларига фармон лойиҳаси юзасидан педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган таклифлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Муҳокамаларда сўзга чиққанлар томонидан пандемия даврида орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, онлайн тизимда ўқув дарсликларининг электрон шаклларини ишлаб чиқиш, олий педагогик таълим нуфузи ва аҳамиятини ошириш, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, расмий ҳужжатларда ва амалиётда “халқ таълими ташкилоти, корхонаси” каби атамалар ўрнига “халқ таълими муассасаси” атамасини қўллашни қоидага айлантириш каби масаларда ўндан зиёд таклифлар билдирилди.