French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лойиҳа доирасида 120 киши ишли бўлади
13:30 / 2020-06-02

«Избоскан шоналари» фермер хўжалиги 2005 йилда ташкил этилган.


Андижонда карантин шароитида тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш орқали оилалар даромадини ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Бу борадаги ишларни самарали амалга оширишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси туман, шаҳар кенгашлари, партиядан сайланган депутатлар ҳам фаол қатнашмоқда.

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутати, «Избоскан шоналари» фермер хўжалиги раҳбари Роҳатбек Тўйчиевнинг мазкур йўналишдаги фаолиятидан кўпчилик мамнун бўлмоқда.

«Избоскан шоналари» фермер хўжалиги 2005 йилда ташкил этилган. Дастлаб хўжаликда фақат ғалла ва пахта етиштирилган бўлса, кейинги йилларда хўжалик кўп тармоқли хўжаликка айлантирилди. Жумладан, узум боғи барпо этилди, балиқ етиштириш ва асалари парвариши йўлга қўйилди.

Бир гектар майдондаги узум боғи бу йил ҳосилга кирди. Хўжаликда ўтган йили 10 тонна балиқ, 6 тонна асал етиштирилган. Пахта ва ғалла топшириш режалари ҳам бажарилган. Бу йил ҳам пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиш учун зарур агротехник тадбирлар олиб борилмоқда.

– Жорий йилда хўжалигимиз қошида «Асал-шифо» агрокластерини ташкил этдик, – дейди фермер Роҳатбек Тўйчиев. – Айни кунда агрокластеримизда 600 дан зиёд асалари оилалари парваришланмоқда.

Агрокластер фаолиятини кенгайтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқдик. Банкдан 1,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, асалари оилаларини 3 мингтадан ошириш кўзда тутилган. Айни кунда бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳа натижасида 120 та янги иш ўрни яратилади ҳамда йилига 40 тоннадан зиёд асал олинади.

Депутатнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини оширишга ёрдам беради.