Ўзбекистон спорти учун шонли ғалабаларни, қувончли онларни тортиқ этган "Париж-2024" Олимпиадаси ортда қолган бўлсада, биз ҳали-ҳамон унинг шукуҳли дамлари билан яшамоқдамиз.
Албатта, Тўлқин Қиличев бош мураббийлигидаги чарм қўлқоп усталаримизнинг жаҳон ҳаваскор боксида Ўзбекистон қудратини намойиш этгани, дзюдо оламида хотин-қиз спортчиларимизнинг нималарга қодирлигини кўрсатган Диёра Келдиёрованинг, таэквондочимиз Улуғбек Рашидов, эркин курашдаги легионер спортчимиз Разамбек Жамалов, оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев, таэквондочи қизимиз Светлана Осипова, полвонларимиз Музаффарбек Тўрабоев, Алишер Юсупов, Ғуломжон Абдуллаев эришган натижалар тарихий ютуқ сифатида эътироф этилмоққа арзийди.

Ютуқлар ўзимизники, муаммоларимиз, камчиликларимиз ҳам бировники эмас. Шу жиҳатдан, Франция спорт майдонларида борини бериб, керак бўлса жонини тикиб Ватан шаъни учун барчамизни бир мақсад атрофида бирлаштира олганларга эҳтиромимизни билдирган ҳолда "Париж-2024" Олимпиадасининг йўлланмаларини қўлга киритишда айрим спорт турларида, йўналишларда йўл қўйилган хатоликлар ҳам бўлганини айтиш ўринли. Бевосита ўйинлар жараёнидаги шиддатли беллашувларда оддий бир хато туфайли нақд бўлган имкониятдан фойдалана олмаслик ҳолатларини таҳлил этиш, ҳар бир йўналишга ҳаққоний баҳони бериш, зарур хулосалар чиқариш, оқсоқ тизимларга янгича ёндашув жорий этиш орқали келгуси мусобақаларда муваффақият қозониш мумкин бўлади, назаримизда.
Шу ўринда ХХХIII Олимпия ўйинларида футбол жамоамизнинг тўрт йиллик мусобақаларда иштирок этиш имкониятини қўлга киритиши, ўз гуруҳида гарчи омадсизликка учраган бўлсада, "Париж-2024" ғолиблигига эришган Испанияни, 4-ўрин билан кифояланган Мисрни саросимага сола билгани ўзбек футболининг келажаги ойдинлигидан далолат. Бу, "Лос-Анжелес-2028" Олимпиадасидагина эмас, келажакдаги жаҳон ва қитъа чемпионатлари йўлидаги ҳаракатларимиз самарали кечишига умид уйғотди.

Энди бевосита "Лос-Анжелес-2028" Олимпиадасидаги имкониятларимизга эътибор қаратсак.
XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг йўлланмаларини қўлга киритиш, унда бевосита иштирок этиш, керакли натижаларга эришиш борасида терма жамоаларимиз, алоҳида спортчиларимиз кесимида кўриб чиқилганда бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика, футбол каби спорт турларида имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланилганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бироқ таассуф билан айтиш лозимки, сув спорт турлари, енгил атлетика, қиличбозлик, гимнастика спорт турлари, велоспорт, стол тенниси каби йўналишларда белгиланган режа бажарилмай қолди.
Тўрт йил олдинга ўтиб фикр юритадиган бўлсак, Халқаро олимпия қўмитаси ва Халқаро бокс ассоциацияси ўртасидаги келишмовчилик туфайли океан ортида бўладиган Олимпия ўйинларидан бокс спорти чиқиб кетса, "Лос-Анжелес-2028"да ўзбек спортининг локомотиви бўлган боксчиларимизнинг ўрнини кимлар эгаллай олади? Қайси спорт тури вакиллари енгилмас боксчиларимиздек халқимизга ғалаба сурурини тортиқ қила билади?

Лос-Анжелес спорт майдонларида кечадиган ёзги Олимпия ўйинларига қадар мамлакатимиз спортчиларини 2026 йили Япониянинг Нагоя шаҳрида ўтадиган навбатдаги ёзги Осиё ўйинлари кутиб турибди.
Ушбу қитъа олимпиадаси спортчиларимиз, жамоалар учун Олимпиада довонига чиқишдаги муҳим синов майдони бўлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли ёш спортчиларни саралаш, танлаш, йўналтириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Миллионлаб баркамол авлод вакиллари комплекс мусобақалар, танловлар, саралаш турнирлари билан қамраб олинмоқда. Давлатимиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Шундай шароитда спортимизнинг «олтин авлоди» орасидан эртага юртимизнинг чинакам спорт қаҳрамонларини топишда мураббий ва селекционерларимизнинг жисмоний ва руҳий билими, тафаккури, интеллектуал салоҳияти, халқаро тажрибаси етарлими? Маҳоратли спортчиларимизда маънавий ва руҳий қувватни ошириш, ижтимоий ҳимояси борасидаги ишларимиз кўнгилдагидекми, деган саволлар туғилади.
Мушоҳадалар турфа. Бироқ масала моҳияти, унинг ечими тўғри қарорлар, белгиланган вазифаларни, халқ ишончини қалбан ҳис этиш, идрок қилиш орқали амалга ошадики, бу йўлда мамлакатимиз спорт соҳаси мутасаддилари, мутахассислари, экспертлари халқаро тажрибадан келиб чиқиб зарур ишларни амалга оширишига ишонамиз.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА