Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лоқайдлик боис баъзи муҳокамалар унутилган, профилактик тадбирлар ташкил этилмаган
15:58 / 2021-12-23

Бухоро вилояти ички ишлар идоралари тизимида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди.

Йиғилишни Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқарди.

Муҳокамада якунланаётган йилда ички ишлар идоралари фаолиятининг сарҳисоби, идоралар олдида турган долзарб вазифалар, айниқса, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, жорий йил 1 декабрь ҳолатида вилоятда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар 4 минг 352 тани ташкил этади. Шаҳар ва туманлардаги жами 544 маҳалланинг 90 таси «қизил» ҳудудга киритилган. Бу тоифа маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарлик сони ўтган йилларга нисбатан сезиларли ошган. Шундан 69 та маҳалла оғир криминоген ҳудудга айланган. 130 маҳалла эса «сариқ» тоифада, яъни, бу ерда жиноят содир этилган.

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таянч пунктларига 133 дона компьютер жамланмаси, Бухоро тумани ҳокимлиги томонидан 4 дона «скутер» транспорт воситаси, Пешку тумани ҳокимлиги томонидан 6 нафар ижтимоий аҳволи оғир профилактика инспекторига 2 миллион сўмдан моддий ёрдам берилган. 94 та таянч пункти биноси таъмирланиб, 17 та маҳаллада ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига рақамли технологиялар киритилишини таъминлаш учун 396 та масканга оптик толали кабеллар тортиш чоралари кўрилган. Олий суднинг “e-sud” ахборот тизими ва Ички ишлар вазирлигининг “e-mamuriy ish” ягона ахборот тизими билан интеграция қилинган.

Якунланаётган йилда 47 та маҳаллада алоҳида бинолар бўлмаганлиги сабабли, таянч пунктлари фаолияти учун бинолар тайёрлаш, зарур ҳолда қайта қуриш, ўқув муассасалаларида маҳалла фуқаролар йиғинлари билан бирга жойлашган 86 та таянч пунктини алоҳида биноларга чиқариш, вилоятнинг шаҳар ва туманларида ташкил этилиши режалаштирилган. 25 та ҳуқуқ-тартибот масканидан 4 тасини қуриш ва жиҳозлаш, шу билан бирга вилоятда 148 та ҳуқуқ-тартибот масканини Олий суднинг “e-sud” ахборот тизими ва Ички ишлар вазирлигининг “e-mamuriy ish” ягона ахборот тизимига улаб интеграция қилиш ҳамда тизим фаолиятини йўлга қўйишда эҳтиёж бўлган 128 дона замонавий компьютер жамланмаси билан таъминлаш кўзда тутилган.

Шофиркон ва Ғиждувон туманларида, Бухоро шаҳри ва туманида жиноятлар сони кескин ошиб, вилоят миқёсида юз берган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар умумий сонининг 65 фоизини ташкил этмоқда. «Қизил» тоифадаги маҳалла сони Жондор туманида 5 тадан 9 тага, Олот ва Ромитан туманларида 3 тадан 9 тага кўпайган. Якунланаётган йилда биргина Бухоро туманида қайд қилинган жиноят сони 333 та қайд қилинган. Қолаверса, 3 минг 200 га яқин жиноятчининг мингдан ортиғини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Шу йил вилоятдаги олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талабалар орасидан 55 нафари жиноятга қўл урган.

[gallery-5196]

Шу йилнинг сентябридан шу кунга қадар ҳудудда рўй берган турли даражадаги жиноятларнинг 148 таси жойларда жамоатчилик вакиллари, мутасаддилар иштирокида кенг муҳокама қилиниши зарур эди. Бироқ, масъулларнинг лоқайдлиги боис, бу муҳокамалар унутилган ва профилактик тарғибот тадбирлари ташкил этилмаган.

Айниқса, Ғиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Бухоро тумани ва шаҳри марказидаги қатор маҳаллаларда юзага келган криминоген вазият таҳлил қилиб борилмаган. Бу ҳудудларда жиноятчиликка қарши кураш чоралари кўрилмаган. Жойларда ички ишлар идоралари билан маҳаллалар, халқ таълими, айниқса, Ёшлар ишлари агентлиги каби бевосита мутасадди идораларнинг яқин ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмаган.

Кескин фикрлар билдирилган муҳокамада юқоридаги каби маълумотларга батафсил ва манзилли тўхтаб ўтилди. Тизим раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, улар бошлиқ сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар зиммасига қатор вазифалар юкланди.

Унда Республика Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов қатнашди.

 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА