Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лондондаги кўргазмада кулол Шоҳруҳ Раҳимовнинг ҳам ижод маҳсули намойиш этилмоқда
22:45 / 2024-05-15

Лондон ҳунармандчилик ҳафталиги доирасида “Cromwell Place” санъат масканида янги кўргазма очилди. Микеланжело ижодкорлик ва ҳунармандчилик жамғармаси томонидан ташкил этилган тақдимотда машҳур ўзбек кулоллар сулоласи вакили Шоҳруҳ Раҳимовнинг ҳам ижод намуналари намойиш этиляпти.

Таниқли уста Ш.Раҳимов “Homo Faber” стипендиялари дастурининг илк битирувчиси сифатида Грецияда малака ошириб, маҳаллий ҳунармандлар тажрибасини ўзлаштириб қайтган. 

Бирлашган Қиролликдаги тадбирда у машҳур юнон ҳунарманд устаси Яннис Зоис билан ҳамкорликда буддавий ибодат маросимларига оид санъат асарларини тақдим этмоқда. Чинни ва африканча ёғочдан ясалган асар 22 каратлик олтин билан қопланган. Раҳимов ва Зоиснинг муштарак асари Шарқ ва Ғарб маданияти ўртасидаги ўхшашликни акс эттиради. 

–Яннис Зоис билан бирга кўп меҳнат қилдик, -дейди кулол Шоҳруҳ Раҳимов. – Хусусан, мен илгари ишламаган чинни моддаси ва олтин каби ашёлар билан тажриба-синовлар ўтказдик. Уларнинг ишлаш техникаси мен ўрганган услублардан анча фарқ қиларкан.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Микеланжело ижодкорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик ёш усталарнинг ижодий салоҳиятини кенгайтириш, тажриба ва замонавий дунё ҳақидаги тасаввурини бойитиш учун янги имконият тақдим этиб, ўзбек ҳунармандчилиги амалиётини жаҳон маданий маконига татбиқ этишга хизмат қилади. 

Эслатиб ўтамиз, кўргазма жорий йилнинг 14-19 май кунлари ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади. 

Б.Худойбердиев, ЎзА