“Дейли Телеграф” газетаси. Лондонда суратга олинган тарихий фотосурат… Ўзбек раққосаси, хореограф ва ижрочи, Ўзбекистон халқ артисти Тамара Хоним, унинг устози —машҳур ўзбек созандаси, хореограф, санъат арбоби ва мураббий Усто Олим Комилов, таниқли созанда Тўхтасин Жалилов ва Ўзбекистон давлат мусиқали театри артисти Абдуқодир Исмоилов 1935 йилда илк бора Британия жамоатчилигига ўзбек маданиятини таништирганлар.
Тамара хоним 1935 йилда Лондонда бўлиб ўтган халқаро халқ рақслари фестивалидаги ўз чиқишида ўзбек аёлининг шу пайтгача номаълум қиёфасини намойиш этган. Томошабинлар олдида қатъий, ўз Ватани учун ғурур ва ифтихор туйғусига эга аёл гавдаланган эди. Шу билан бирга, ундан жозиба, гўзаллик ва нафосат уфуриб турарди. Одатдагидек, Тамара Хонимнинг юзида ҳайратланарли ва сирли табассуми балқиб турарди.
Инглиз ёзувчиси Симона Пакенхэм ўз китобида “1935 йилги тадбирда 17 та мамлакатдан беш юз нафардан ортиқ раққосалар, Британиянинг «EFDSS» рақс жамияти, Шотландия миллий рақс жамияти ва кўплаб ҳудудий гуруҳларнинг уч юз нафар ўйинчиси ташриф буюрди”, — деб ёзади.
Фестиваль Қироллик концерт залининг машҳур Альберт-Холл саҳнасида бўлиб ўтади. Қиролича Мария Лондон халқаро халқ рақслари фестивали ҳомийлигини қабул қилиб, қирол Георг V билан бирга барча намойишларда қатнашади.
СССР делегацияси 38 нафар рус, украин, ўзбек ва грузиялик раққосларан иборат бўлган. Усто Олим Комилов узоқ сафардан сўнг Лондонга жуда оғир аҳволда етиб келади. Унга зудлик билан тиббий ёрдам чақирилади. Британия матбуоти Тамара Хоним СССР делегациясининг махсус аъзоси эканини биларди.
Усто Олим Комилов бетоб бўлиб қолгач, Тамара Хоним унинг пешонасидаги операциядан қолган чандиқларни бинтлар билан Бухоро салласига ўхшатиб ўрашни таклиф қилади. Бухороча ўралган салла жуда табиий кўринарди. Усто Олим нафақат Альберт-Холл, балки Лондон фестивалининг бошқа саҳналарида ҳам аъло даражада чиқишлар қилади.
Тамара Хоним ўзининг таржимаи ҳолида Альберт-Холл саҳнасида ундан ўз чиқишини бошлашини сўрашганида бошидан кечирган ҳис-туйғулари ҳақида ёзган.
“Мен қушдай учардим, юрагим кўксимдан отилиб чиқади, деб ўйлардим” – деб ёзганди у “Гул ўйин” рақсини ижро этишдан олдин ҳис этган ҳаяжонини.
Тамара Хоним ижросини тугатганидан сўнг залда гулдурос қарсаклар янграйди. Усто Олимнинг иситмаси баланд эди. Лекин шундай бўлсада, у доирасини чалади ва Тамара Хоним Альберт-Холл саҳнасида доира садолари остида рақсга тушади. Ўзбек раққосаси “Катта ўйин”, “Гул ўйин”, “Пилла”, “Қари наво” рақсларини ижро этганидан сўнг Британия томошабинлари том маънода ўз жойларидан туриб кетишади.
Англия қироли ва қироличаси томонидан ташкил этилган қабулда барча делегациялар Лондон фестивалининг медаллари билан тақдирланадилар. Бироқ Кеннедилар оиласи ўзбек делегациясини мукофотлаш учун алоҳида таклиф этади. Усто Олим шахсан Англия қироличасининг қўлидан медаль билан тақдирланади.
Қирол ва қиролича Усто Олимнинг ақл бовар қилмас бармоқларига қойил қолганликларининг белгиси сифатида унинг қўлларини олиб, мулойимлик билан ёноқларига қўядилар.
Британия томошабинлари, танқидчилар ва журналистлар, раққослар уларнинг ажойиб рақс услуби, катта маҳорати ва иштиёқини кўриб, ўз ҳайратларини яшира олмаганлар. Британия жамоатчилиги Усто Олимнинг кўринишидан оддий бўлган чолғу асбоби (доира)дан шу қадар хилма-хил вазнларни ижро этиш қобилиятидан ҳайратда қолган эдики, ташкилотчилар унинг қўлларидан нусха кўчиришга қарор қиладилар. Бу нусха маълум бир вақт давомида инглиз созандаси Сесил Шарпнинг уйида сақланади. Афсуски, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Сесил Шарпнинг уйи бомбардимон қилинган ва кутубхона ходимларининг тахминларига кўра, Усто Олимнинг қўллари нусхаси ҳам бошқа экспонатлар сингари йўқ қилинган.
И.Абдумаликзода тайёрлади.
ЎзА