Айни кунларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Буюк Британия билан икки томонлама маслаҳатлашув ўтказиш мақсадида Лондонда бўлиб турибди.
Расмий учрашувлар ўтгач, Директорлар институтида мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон – Буюк Британия бизнес форуми ташкил этилди.
Халқаро компаниялар, молия институтлари, банклар раҳбарларидан иборат икки юзга яқин маҳаллий ва хорижий эксперт иштирок этган тадбирда маърузалар, тақдимот ва норасмий қабул бўлиб ўтди.
Б.Саидов икки мамлакат иқтисодий муносабати ривожланиб бораётганини юқори баҳолаб, компаниялар ўртасида молиявий, саноат ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Буюк Британия Бизнес ва савдо департаменти савдо музокаралари бош директори А.Брукс 2021 йил Ўзбекистон Буюк Британиянинг кенгайтирилган “GSP” тизимига қабул қилинган биринчи давлат бўлгани, яъни британиялик импортчилар юртимизда ишлаб чиқарилган 7800 дан зиёд маҳсулот учун бож тўламаслигини таъкидлади. Умумий товар айирбошлаш миқдори 2016 йилдан буён уч баробар кўпайиб, 2022 йил 245 миллион фунт стерлингга етди.
Тақдимотдан сўнг инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Ойбек Ҳамраев мамлакатимиздаги инвестиция муҳити ҳақида умумий маълумот бериб, энергетика, саноат ва молия соҳаларида амалга оширилган қатор сармоявий лойиҳаларга тўхталиб ўтди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев диёримиздаги йирик олтин, кумуш, уран, мис, кўмир конларини ўзлаштиришда жаҳон тоғ-кон компаниялари салмоқли салоҳияти ҳақида гапирди. У, шунингдек, литий, вольфрам, графит каби қимматли материалларни қазиб олиш учун қатор инвестиция имконияти тўғрисида сўз юритди. Жорий йил юртимизда расмийлар томонидан 450 та кончилик лицензияси берилган.
Ўзбекистон Ахборот технологиялари парки бош директори Махлиё Муҳинова мамлакатимиз стартап экотизими жадал ривожланаётгани, инновацион иқтисодиётни рағбатлантириш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилгани хусусида маълумот берди. Хизмат экспорти, жумладан, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, техник ёрдам ва бизнес жараёнини аутсорсинг қилишда сезиларли ўсиш мавжудлиги таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, ривожланаётган бозорлар инвестори, Тошкентдаги “DNA” стратегик коммуникация фирмаси асосчиси Эсфандияр Батмангелиж иштирокида муҳокама уюштирилди.
– Тадбир иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотгани боис кенг майдонда ўтказишга қарор қилдик, – деди республикамизнинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов. – Ўйлаймизки, расмийлар, Британия ҳукумати ўртасидаги бундай тўғридан-тўғри ва самимий мулоқот савдо-сармоя кўлами кенгайишида муҳим аҳамиятга эга.
Форум доирасида янги қўшма корхоналар очиш, ўзаро сармоя киритиш бўйича шартномалар имзоланди.
Б.Худойбердиев, ЎзА