Лондон марказида бўлиб ўтган намойишда полиция “Фаластин ҳаракати” гуруҳини қўллаб-қувватлагани учун 466 кишини ҳибсга олди. Ушбу ташкилот яқинда Буюк Британияда терроризмга оид қонун асосида тақиқланган эди.
Расмий маълумотга кўра, яна саккиз киши бошқа жинояти, жумладан беш нафар полиция ходимига ҳужум қилганлиги учун ушланган. Жиддий жароҳатланганлар йўқ.
“Фаластин ҳаракати” — Исроилга қурол етказиб берувчи компаниялар фаолиятини тўхтатишга чақирувчи фаол гуруҳ ҳисобланади. Ўтган ой ҳаракат аъзолари Қиролликнинг энг йирик ҳарбий авиабазасига бостириб кириб, икки ҳарбий самолётга зарар етказган. Шундан сўнг парламент гуруҳ фаолиятини расман тақиқлаган. Энди мазкур ҳаракатнинг аъзоси бўлиш ёки фаолиятини қўллаб-қувватлаш Британия қонунчлигига кўра жиноят саналади.
Парламент майдонида ўтказилган охирги намойишда ташкилотчилар мингдан ортиқ одам қатнашганини билдирган, полиция эса 500-600 киши бўлганини айтган ва гуруҳни очиқча қўллаб-қувватлаганларнинг барини ҳибсга олган.
Ички ишлар вазири Иветте Купер полицияни “қонуний чегарани бузган” кам сонли шахсларни қўлга олгани учун мақтади.
Мусулмон Зиё, ЎзА