Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лондон икки муҳим тадбирга мезбонлик қилади...
12:36 / 2023-06-21

Россия-Украина

Қўшма Штатлар маъмурияти бугун, 21 июнь куни Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилади, деб баёнот берди Давлат котиби Энтони Блинкен.

“Президент Жо Байден АҚШ Украинани қанча зарур бўлса, шунча қўллаб-қувавватлашга тайёрмиз, деган, бу мажбуриятни охиригача бажарамиз”, деган у.

Литва бошқа давлатлар сингари Украинага узоқ муддатли ёрдам режасини ишлаб чиқиши керак. Бу ҳақда Президент Гитанас Ниуседа Сейм (парламент)га йиллик мурожаатида айтиб ўтган.

Давлат етакчиси Украинага беғараз ёрдам учун ноҳукумат ташкилотларга, маҳаллий идоралар ва тадбиркорларга миннатдорлик билдирган.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг таъкидлаганидек, Украина Қуролли кучлари қарши ҳужум пайтида яхши тайёргарлик кўрган Россия мудофааси билан тўқнашди.

Украина Қуролли кучлари қарши ҳужуми жуда оғир кечади, кўп талофат кўрилади, деди Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх. Жанговар ҳаракатни давом эттириш учун АҚШ Украинага зарур қурол-яроқ етказиб берди.

Европа Комиссияси ЕИ жамғармасидан грант ва кредит кўринишида Украинага яқин тўрт йилга мўлжалланган 50 миллиард евро захира тайёрлаб қўйиш таклифни киритди, дея баёнот берди комиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.
Агар маблағ тўплашга эришсак, 2024-2027 йиллар давомида ЕИнинг Киевга ёрдами йилига ўртача 12,5 миллиард еврони ташкил этади. 2023 йил Брюсселдан Киевга бюджетдан 18 миллиард евро ажратиш режаланган.

Бугун Лондонда очиладиган Украинани тиклаш бўйича конференция доирасида “еттилик” гуруҳи Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши бўлиб ўтади. “Катта еттилик”нинг жорий йилдаги учинчи йиғилишида Украинани қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинади.

Хитой ҳукумати Украина зиддиятини ҳал этиш бўйича сиёсий жараёнга кўмаклашиш учун Африка мамлакатлари ва бошқа давлатлар билан саъй-ҳаракатни бирлаштиришга тайёр. Бу ҳақда мамлакат ТИВ расмий вакили Мао Нин маълум қилди.

Болгария Президенти Румен Радев ва мамлакат янги ҳукумати Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш масаласи бўйича қарама-қарши қарашга эга.

– Болгария инқирозга қурол-аслаҳа ва ўқ-дори етказиб бериш йўли билан аралашиши керак эмас, – деган давлат раҳбари. – Бу ечим эмас, аксинча тизим ва иқтисодимизни қаҳатга олиб келади. Мен Европа кенгашида Болгарияни тамсил этар эканман, шу гапимда қатъий тураман.

Бош вазир Николай Денков эса “Биз парламентнинг Украина ҳудудий яхлитлигини тиклаш мақсадида ҳарбий ва ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш қарорини қатъий бажаришимиз керак”, дея баёнот берган.

Украина адлия вазири ўринбосари Ирина Мудрая хабарига кўра, 8 600 киши Украина Миллий хавфсизлиги ва мудофааси кенгаши қарори асосида чиқарилган санкцияга тушган, уларнинг кўпи россиялик. Бу шахсларнинг мол-мулки ва активи давлат ҳисобига мажбурий конфискация қилинади. Россия фуқаролари ва компанияларидан ташқари “жазо”га Беларусь, Эрон, ЕИ таркибидаги айрим мамлакатлар ва Украина вакиллари тушган.

Аброр ХОН,

ЎзА