Сўнгги йилларда Лондон ҳақида “жиноятга ботган шаҳар” мақомини сиёсий баёнот ёки ижтимоий тармоқдаги кескин фикр орқали кенг ёйишга уриниш кучайди. 2025 йил охирида эълон қилинган расмий ҳисобот эса бундай ҳолатни инкор этмоқда.
Шаҳарда қотиллик даражаси сўнгги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткичга тушди. Демак қироллик пойтахти хавфсизлиги борасидаги жиддий танқид кўпроқ сиёсий мақсадга хизмат қилаётганини кўрсатаётгандек.
Лондон шаҳри полицияси – “Metropolitan Polis” маълумотига кўра, 2025 йил пойтахтда 97 қотиллик қайд этилган. Айни кўрсаткич 2024 йилдагидан кам, 2014 йилдан буён энг паст натижа: аҳоли сонига нисбатан ҳар 100 000 кишига 1.1 нисбат. Таққослаймиз: Парижда 1.6, Нью-Йоркда 2.8, Берлинда 3.2.
Яъни, Лондон глобал мегаполислар орасида қотиллик энг кам содир этиладиган шаҳарлардан бири бўлиб қолмоқда.
Лондон етакчиси Содиқ Хон ушбу рақам айрим сиёсатчилар, жумладан АҚШ Президенти томонидан илгари сурилган “даҳшатли ва издан чиққан Лондон” тўғрисидаги тасаввурга мутлақо зидлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, ижтимоий тармоқ орқали тарқатилаётган, ҳақиқатдан йироқ айрим иддаолар жамоатчилик онгида сунъий қўрқув уйғотишга қаратилган. Мэр пойтахтни очиқ, ранг-баранг ва муваффақиятли шаҳар сифатида таърифлаб, Лондонни “сиёсий нишон”га айлантиришга уриниш мавжудлигини қайд этди.
Мутахассислар жиноятчилик камайишини бир неча омил билан изоҳламоқда. Бу борада уюшган жиноятчиликка қарши йўналтирилган, аниқ режалаштирилган полиция амалиёти ҳамда ёшларни жиноят йўлига кириб кетишдан сақлашга қаратилган зўравонликни камайтириш дастурлари, яъни ёшлар билан ишлайдиган махсус тузилмалар муҳим ўрин тутади. Айни ёндашув куч ишлатишдан кўра олдини олишга урғу бериши билан аҳамиятли. Табиийки, расмийлар муаммо бутунлай ҳал қилинган, деган хулоса бераётгани йўқ. Миллий статистика бошқармаси маълумотига кўра, телефон ўмариш ёки дўкондан майда ўғирлик каби айрим жиноят турлари кўпайган. Жами жиноят миқдори йил давомида 7 фоиз ошган.
Умуман, Лондон атрофидаги баҳс нафақат хавфсизлик, балки сиёсий ва мафкуравий қарама-қаршилик билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Айрим мухолиф сиёсатчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари шаҳардаги муаммоларни иммиграция ва либерал сиёсат билан боғлашга уринмоқда. Мэр эса очиқлик, маданий хилма-хиллик ва глобал жозибадорлик пойтахтнинг асосий кучи эканига урғу берган. Статистика ҳам шу фикрни қисман тасдиқлайди.
Лондон халқаро туризм бўйича дунёнинг етакчи шаҳарларидан бири, хорижий инвестиция жалб қилишда Европа етакчиси, хусусан хорижлик талабалар учун асосий марказ бўлиб қолмоқда. Гарчи, айрим иқтисодий кўрсаткичлар пасайган эса-да, глобал миқёсдаги ўрнини сақлаб турибди.
Хулоса шуки, Лондон бугун тасвирланаётгандек “жиноят гирдобига тушган” шаҳар эмас. Зеро, статистика шов-шувли баёнотдан кўра аниқроқ, ишончлироқ манба ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА