ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув қисми спорт ўйингоҳида “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клуби жамоалари ўртасидаги спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда вилоятдаги умумтаълим мактабларидан 15 та жамоа фуқаро муҳофазаси ва ҳаёт хавфсизлиги асослари бўйича савол-жавоб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шартли дарёдан арқон ёрдамида ўтиш, ёнғинни ўчириш эстафетаси сингари шартлар бўйича ўзаро беллашди.
[gallery-11860]
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Термиз шаҳар 6-умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси танлов ғолиблигини қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди. Денов туманидаги 81-умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси иккинчи, Термиз тумани 12- ИДУМнинг “Бургутлар” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди.
Мусобақа ғолиблари ва номинациялар бўйича совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА