Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ливанда самбо бўйича Осиё чемпионати бошланди
09:55 / 2022-06-02

Бугун, 2 июнь куни Ливаннинг Жуния шаҳрида самбо бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари старт олди.

4 июнгача давом этадиган мусобақада ўзбекистонлик самбочилар катта таркиб билан иштирок этмоқда. Жумладан, катталар ва ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда 14 нафардан, жанговар самбода 11 нафар, ўсмирлар беллашувида 16 нафар ўғил-қиз самбочиларимиз кураш олиб боришмоқда. 

Эътиборлиси, Ливан беллашувларида қатнашаётган спортчилар орасида ўнлаб жаҳон чемпионлари, қитъа ўйинларида ғолибликка эришган спортчиларнинг борлиги уч кунлик баҳслар муросасиз ўтишидан далолат бермоқда. 

Чемпионат бошланиши олдидан Осиё самбо иттифоқининг конгресси бўлиб ўтди. Австралия, Бангладеш, Баҳрайн, Гонконг, Ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ливан, Мальдив ороллари, Мўғулистон, Непал, Янги Зеландия, Покистон, Фаластин, Саудия Арабистони, Сингапур, Сурия, Таиланд, Туркманистон, Ўзбекистон, Филиппин, Шри-Ланка ва Япония вакиллари қатнашган анжуманда ҳамюртимиз, Осиё самбо иттифоқи президенти Аламжон Муллаев иштирок этиб, самбо спортининг қитъадаги ривожи, ечимини кутаётган масалалар, аъзоликка номзоди кўрсатилаётган давлатлар, 2023 йилги чемпионатни ўтказишга даъвогар давлатлар хусусида сўз юритди. 

Иштирокчиларнинг фикр ва таклифларидан келиб чиқиб, Австралия ва Янги Зеландия Осиё самбо иттифоқи аъзолигига қабул қилинган бўлса, делегатларнинг овоз бериши натижасида келгуси йилги қитъа чемпионатини қабул қилишда Қозоғистоннинг қўли баланд келди. 

Яна бир гап. Ливанда бошланган қитъа чемпионатида юртдошимиз Ислом Адилов Осиё чемпионатининг бош ҳаками сифатида фаолият юритаётган бўлса, халқаро тоифадаги ҳакамлар Улуғбек Раҳмонов, Рустам Адилов, Ойбек Файзибоев, Олим Адилов, Муродхон Тўраев нуфузли мусобақа беллашувларини бошқариб боришмоқда. 

Т.Рўзиев,  ЎзА