Ливанлик ўнлаб такси, автобус ва юк машинаси ҳайдовчилари уч кунлик иш ташлашни бошлади.
Намойишчилар йўлларни тўсиб, ҳукуматдан нарх ошиши ва иқтисодий инқироз билан курашишни талаб қилишмоқда.
Уч ҳафтадирки, мамлакатда мактаб, университетлар, кўплаб дўконлар мажбурий ёпилган. Бунга қарши касаба уюшмалари шу муддат ичида иккинчи бор иш ташлаш ташкил этди.
Норози ҳайдовчилар йирик магистрал йўлни, чорраҳаларни ёпиб қўйган. Касаба уюшмалари иш ташлаш соат 5:00 дан 15:00 гача давом этишини билдирган.
— Бир замонлар таксичининг ўғли шифокор, муҳандис ёки бошқа ҳар қандай обрўли касб эгаси бўлиши мумкин эди, — дейди Байрут марказидаги Ҳамра кўчаси ёнида намойишга чиққан 55 ёшли Ҳусайн Ассам. — Энди таксичи болаларига овқат ҳам топиб беролмаяпти.
Ливандаги ҳалокатли вазият Жаҳон банки томонидан асрнинг энг ёмон инқирозларидан бири сифатида таърифланган. Ҳукумат октябрь ойида давлат субсидияларини расман тугатгандан бери касаба уюшмалари мунтазам равишда норозилик намойиши, иш ташлаш уюштирмоқда.
Ачинарли томони шундаки, Ливанда ҳозир тўлиқ газ баки энг кам иш ҳақидан ҳам қимматроқ.