French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лицензия ва рухсатнома беришдаги коррупциявий ҳолатлар
14:56 / 2020-08-06

Тадбиркорларга лицензия ва рухсатномалар беришни тартибга солиш, соҳани коррупциядан ҳоли қилиш чоралари кўрилмоқда.


Тадбиркорларга лицензия ва рухсатномалар беришни тартибга солиш, соҳани коррупциядан ҳоли қилиш чоралари кўрилмоқда.

Лекин шунга қарамай 2018 - 2019 йиллар ва 2020 йилнинг 6 ойи давомида лицензия ва рухсатномалар бериш соҳасида 103 жиноят иши қўзғатилиб, 122 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Бу рақамларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилсак, асосан Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларига тўғри келади.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахслар томонидан 95 ҳолатда белгиланган тартибда лицензия ва рухсатнома олмаган ҳолда фаолият юритилган. Булар телекоммуникация, улгуржи савдо, автотранспорт хизмати, тупроқ, қум-шағал қазиб олиш, спиртли ичимликлар, дори - дармон савдоси, ғишт ишлаб чиқариш ва бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича лицензия ва рухсатнома олмасдан фаолият кўрсатилган.

Масалан, “V.S.” МЧЖ раҳбари Абдалиев тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келиб, 2019 йил давомида лицензия олмасдан 1,7 миллиард сўмлик алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳамда махсус рухсатнома олмасдан 6,3 миллиард сўмлик товарларни сотиш билан шуғулланган. Бунинг учун судининг ҳукми билан унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномалар бериш соҳасида айри бюрократик тўсиқлар мавжудлиги сабабли лицензия ва рухсатнома олиш учун 2018 - 2019 йиллар ва 2020 йилнинг 6 ойида 19 порахўрлик билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилиб, 21 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Жиноий жавобгарликка тортилган шахслар томонидан автотранспорт хизмати кўрсатиш, улгуржи савдо фаолияти, хонандалик ва бошқа турли хилдаги хизматлар кўрсатиш учун лицензия ва рухсатнома бериш эвазига пора олиш ва фирибгарлик жиноятлари содир этилган.

Масалан, Андижон шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутахассиси Қодиров фуқаро Хожимаровдан лицензия олиб бериш учун 300 АҚШ доллари олган. Суд ҳукми билан у 2 йилга муайян ҳуқуқдан ва 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Ёки, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси етакчи мутахассиси Кондратев «Иттифоқ» жамоаси раҳбари Маллабаевдан унинг жамоасини «Б» лигада иштирок этиши учун жамоани лицензиялаш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари беришни талаб қилиб, шундан 1,5 минг долларни фирибгарлик йўли билан олганлиги учун суд ҳукми билан 2 йилу 3 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланган.

Шунингдек, фуқаро Усманова таниши Муҳамедовани «Ўзбекконсерт» давлат муассасасидаги юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали унга «хонандалик» лицензиясини олиб бериш учун 2 минг АҚШ доллари, «юлдуз шоу»да иштирок этиш учун 300 АҚШ доллари, клипларини телевидение орқали кўрсатиш учун 9 минг АҚШ долларини пора беришга далолат қилиб, шундан 1300 долларни фирибгарлик йўли билан олганлиги учун суд томонидан унга 11,2 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб - таомилларини тубдан такомиллаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали тадбиркорлик субектлари фаолияти учун энг мақбул шарт шароитларни яратиш мақсадида жорий йилда «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб таомилларини тубдан такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида» Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага асосан мингга яқин белгиланган бюрократик жараёнлар қисқартирилмоқда. Биринчидан, соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилмоқда. Хабарнома юборишда жисмоний ва ҳамда юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва уларнинг фаолияти белгиланган талабларга мувофиқ келишини ўзлари тасдиқлайди.

Бунда фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган ҳужжатларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилинмайди.

Фармон лойиҳаси билан лицензияланадиган 44 фаолият йўналиши ва 13 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилмоқда.

Хусусан, мактабгача таълим, ломбард, концерт - томоша, ветеринария даволаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш каби фаолиятларини ваколатли органларни хабардор қилиш орқали бошлаш мумкин бўлади.

Иккинчидан, лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сони сезиларли равишда қисқартирилмоқда.

Инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш ҳамда хавфлилик даражаси паст бўлган фаолиятларни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш таклиф этилмоқда.

Бунда «тартибга солиш гилотинаси» усулини қўллаш орқали айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинмоқда.

Фармон лойиҳасига кўра лицензияланадиган юзта фаолият йўналиши ва 35 турдаги рухсатномаларни бекор қилиш орқали ёки муқобил шаклларга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Лицензия ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 125 миллиард сўм маблағи иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қолдирилади.

Учинчидан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.

Бунинг учун «Лицензия» ахборот тизими ишлаб чиқилиб барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Мазкур ишлар натижасида маъмурий тартиб - таомилларни амалга оширишдаги коррупцион ҳолатларнинг юзага келиши чекланади. Тадбиркорларнинг Тошкент шаҳрига келиб - кетиши билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатлари иқтисод қилинади. Давлат органларининг махсус бланкаларни ишлаб чиқаришга

бир йилда йўналтирадиган 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалади ва қарийб 3,5 миллион дона қоғоз сарфланишининг олди олинади.

Ушбу информацион тизим ва дастур БМТ Тараққиёт дастури ва ЕИнинг қўшма грант маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади.

Тўртинчидан, лойиҳа билан бизнес жараёнлар ва маъмурий тартибларнинг кенг кўламли енгиллаштирилиши кўзда тутилган.

Лицензия талаб ва шартлари рақобатни чекловчи қоидаларни, яъни товар ва хизматлар бозорига кириб келишга тўсиқ бўлувчи омилларни қисқартириш нуқтаи назаридан қайта қўриб чиқилди. Жумладан, 115 лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб - таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланмоқда ҳамда 14 турдаги фаолият бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилмоқда.

Бешинчидан, ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, лицензия бериш тўғрисидаги аризалар ўз вақтида кўриб чиқилмаса, тадбиркорлик субъектининг розилиги билан унга автоматик равишда лицензия ёки рухсатнома расмийлаштирилиб берилади. Бундай имконият «Лицензия» ахборот тизимида назарда тутилди.

Олтинчидан, давлат унитар корхоналари ва муассасалари томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи бекор қилинмоқда.

Мазкур қоида давлат корхоналарини хусусий тадбиркордан устун қўйишга, бозорда тенг бўлмаган шароитларнинг яратилишига, давлат корхоналарининг монополь мавқега эга бўлиб қолишига олиб келаётган эди. Шу билан бирга, ушбу ташкилотларда лицензион талаб ва шартларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширилмай қолиши каби салбий оқибатлар юзага келди. Шу сабабли мазкур қоида бекор қилинмоқда.

Еттинчидан, рухсат бериш тартиб - таомилларига доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни тизимлаштириш, кодификациялаш ва норматив юкини қисқартириш чоралари кўрилади.

Бунда 20 йил аввал қабул қилинган «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, шунингдек «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб - таомиллари тўғрисида»ги қонунларни бирлаштириш орқали ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномаларнинг паспортлари жорий қилинади. Паспортларни ишлаб чиқиш натижасида тадбиркор катта ҳажмли низомлар билан танишиб ўтиришга зарурат қолмайди. Фаолиятни амалга ошириш учун асосий маълумот ва талаблар битта ҳужжат – паспортларда акс эттирилади.

Шу билан бирга, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш тизими ислоҳотини бир марталик эмас, балки давомли ва натижали қилиш учун замин яратилмоқда.

Бу чораларнинг амалга татбиқ этилиши юқорида тилга олинган коррупциявий ҳолатлар барҳам топишига сабаб бўлади.

Каримжон МУСАШАЙХОВ,
Бош прокуратура бошқарма катта прокурори,
адлия кичик маслаҳатчиси.