Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лингводидактиканинг долзарб масалалари ўрганилди
16:25 / 2022-05-20

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лингводидактиканинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Халқаро олий таълим муассасалари мутахассислари, республикамизнинг 100 дан ортиқ олимлари, илмий изланувчилар, тадқиқотчилар, магистр ҳамда бакалавр талабалари, мактаб ўқитувчилари иштирокидаги нуфузли илмий-амалий анжуманни университет ректори, филология фанлари доктори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов очиб берди. Университет профессор-ўқитувчиларининг она тили, адабиёт ва ўзбек тили фанларидан Миллий ўқув дастури лойиҳаси ҳамда замонавий дарсликлар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, машқ дафтарларини тайёрлашдаги фаол иштироки, самарали ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, анжуманда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, белгилаб олинган вазифалар ҳамда уларнинг ижроси юзасидан университет миқёсида самарали ишлар амалга оширилгани алоҳида эътироф этилди. Мамлакат раҳбарининг халқ таълимини ривожлантиришга қаратилган тегишли фармонида белгиланган «Мактаб ўқувчиларининг билим ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш» каби масалаларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталди.

Анжуман ишини Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Лайло Раупова давом эттирди. Расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири маслаҳатчиси Одинахон Жамолиддинова, Турк-ўзбек тили ва маданияти жамияти раҳбари Акбар Ясса, Германия Гумболдт университети профессори Айфер Дурду, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Ғофир Ҳамроев ва бошқалар мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Маърузалар тингланди.

– Халқаро анжуман бир қатор вазифаларни ўз олдига қўйган, –дейди ДЎТАУ илмий ва инновацион ишлар бўйича проректори (в.б.) Нодир Жўрақўзиев. – Она тили таълими ва замонавий лингводидактика масалалари борасида ҳали амалга оширилиши керак бўлган кўп ишлар бор. Бунда олимларнинг бирдамлиги ва халқаро андозалардан фойдаланган ҳолда якдил миллий методни яратишга аҳамият қаратиш лозим. Нуфузли олимларнинг лингводидактиканинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалари, тадқиқотлари анжуманни янада бойитди. Шунингдек, алоҳида шўъбаларда она тили таълими ва замонавий лингводидактика масалалари, иккинчи тил ва чет тилларни ўқитиш методикаси масалалари, тилшуносликнинг амалий масалалари муҳокама этилди. Лексикографик тадқиқотларда мобил луғатлар яратиш, ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш , грамматик саводхонлик , таълимий луғатларни яратиш, давлат тилини ўқитиш масалаларидаги муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Анжуман юзасидан бир қатор имтиёзли келишувлар амалга оширилди.

Д.МАМАТОВА, 
ЎзА мухбири