Давлат-хусусий шериклик мамлакатда стратегик аҳамиятга эга инфратузилма ва ижтимоий хизматларни ривожлантиришда давлат ва хусусий секторнинг кучларини бирлаштирувчи самарали механизмдир.
ДХШнинг устуворлиги шундаки, у инфратузилмани модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти каби соҳаларда хизматлар сифатини яхшилашга хизмат қилади. Энг муҳими, бундай шериклик аҳоли манфаатига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширишда инновациялар, технологиялар ва менежментнинг замонавий усулларини жалб этади.
Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг Давлат-хусусий шериклик ва корпоратив молиявий маслаҳат хизматлари бўйича глобал директори Линда Рудо Мунйенгетерва бу ҳақда шундай деди:
– Бугун Тошкентда ташкил этилган “Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш” мавзусидаги III Давлат-хусусий шериклик давра суҳбати иштирокчилар учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.
Негаки, ДХШ доирасида хусусий сектор капитали ва билимларидан фойдаланиш жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳукумат ДХШни аҳолига хизматларни яхшилаш ва мамлакатга зарур сармоя ҳамда малакани жалб қилиш стратегиясининг асосий таркибий қисми сифатида қараши аҳамиятлидир.
Мамлакат ривожланиши фақат ДХШ орқали эмас, аммо бу модель Ўзбекистон ҳукумати учун самарали восита сифатида ўзини кўрсатди. Ҳукумат ДХШни тартибга солиш учун алоҳида регулятор ва институционал асосларни жорий қилди. Шунингдек, мақсадли фармон ва қарорлар орқали имконият муҳитини мустаҳкамлаб, 2025 йилда сув соҳасида ДХШни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган Сув кодексини қабул қилди. Бу ўзгаришлар хусусий сектор иштирокчилари бозорга киришини рағбатлантирмоқда ва бундан кейин ҳам давом этади.
Ўтган олти йилда хусусий сектор капитали ва экспертизасидан фойдаланган ҳолда мамлакатда кўплаб инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди. 2018 йилгача ДХШ йўқ эди, шу боис бу борада ютуқлар ҳақиқатан ҳам диққатга сазовор.
Ўзбекистон ҳукумати транспорт, электр тармоқлари, сув ва санитария, суғориш ва бошқаларга эътибор қаратмоқда.
Ҳозиргача ХМК кўмагида тўққизта ДХШ лойиҳаси тижорат якунларига етди. Ушбу лойиҳалар аҳолига хизмат кўрсатишни яхшилади, тахминан 7 миллион одам ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди ва тахминан 1,7 миллиард доллар хусусий капитални жалб қилди.
ХМК мамлакатда саккизта фаол мандатга эга. Булардан бири шуки, Фарғона вилоятида клиника барпо этишга қаратилган ДХШ лойиҳаси. Иккинчиси эса Тошкент – Андижон йўли лойиҳаси бўлиб, ХМК ҳукуматга йўл соҳасида ДХШни тузишда стратегик маслаҳатлар беради.
Ушбу лойиҳалар транспорт инфратузилмасини яхшилаш, боғланишни кучайтириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Таълим соҳасида ХМК ҳукуматга икки ҳудудда мактаблар қурилишида ёрдам бермоқда ва сифатли таълимга киришдаги муҳим бўшлиқларни тўлдириш ва келажак авлод учун имкониятлар яратишга кўмаклашмоқда. Шунингдек, суғориш насос станциялари энергия самарадорлиги лойиҳаси сув хўжалиги соҳасидаги биринчи рақобатбардош тендер бўлиб, энергия истеъмолини камайтиришга қаратилган ва барқарор ривожланиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Биз ДХШни зарур сармоя ва хусусий сектор экспертизасини жалб қилишда самарали восита, деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ҳозирги устувор вазифа ДХШ дастурини 2030 стратегиясига мувофиқ кучайтириш ва унга амал қилишдир.
Шу билан бирга, ҳукуматнинг молиявий мажбуриятларининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаши ҳам муҳимдир. Давра суҳбати ҳукуматнинг режаларини белгилаш ва ДХШ дастурига содиқлигини таъкидлашда муҳим қадам ҳисобланади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.