Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лимондан топилаётган миллионлар
08:37 / 2025-11-16

Лимон етиштириш истиқболли ва сердаромад соҳа. Табиатнинг бу шифобахш неъмати инсон саломатлиги учун ғоят фойдалидир. Лимон мевалари ва ундан тайёрланган шарбатлар дунё мамлакатлари аҳолисининг одатий озиқ-овқат маҳсулотларидан бирига айланган. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда лимон етиштиришга ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги “Республикада лимончилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада кенг имкониятлар эшигини очди. Мазкур ҳужжат асосида етакчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижий тажрибани ўрганиши, зарур ҳолларда хорижда стажировка ўташи ва халқаро тан олинган сертификатлар олиши учун ҳар йили 5 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланди. 

Акциядорлик тижорат “Турон банк” бошқаруви зиммасига цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар етиштириш ва экспорт қилишга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар юклатилди. Эндиликда лимон етиштиришга ихтисослашган ҳудудларда аҳоли хонадонларида ва ижарага берилган ер майдонларида ихчам иссиқхоналар қуриб берилади ҳамда уч йиллик имтиёзли давр билан етти йилгача бўлиб тўлаш шарти билан сотилади. Қолаверса, чет элдан лимон мевасидан мураббо, жем ва лимонад ишлаб чиқариш ускуналарини олиб келиб, ўрнатиш ҳамда тадбиркорларга лизинг асосида бериш йўлга қўйилади.

Наманган вилоятида лимончиликни оддий боғдорчиликдан саноат даражасига кўтариш, ушбу мевани қайта ишлаш орқали иккинчи ва учинчи турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида вилоятдаги тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда, вилоятда лимончилик билан шуғулланувчилар сони 4 минг 300 дан ошди. Ҳудудларда лимон етиштириш учун ажратилган ернинг умумий майдони 386,3 гектарни ташкил қилиб, уларнинг 3 минг 957 таси аҳоли хонадонлар ва 353 таси тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этиш жоизки, Наманган вилоятида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида лимончликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида 25 та лойиҳа ижроси учун тижорат банклари томонидан 2,9 миллиард сўм кредит маблағлари йўналтирилди.

– Вилоятида лимончилик билан шуғулланувчи аҳоли сонини ошириш ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда, аввало, аҳоли бандилигини таъминлаш учун 20 минг туп лимон кўчатлари етказиб бериш режалаштирилди. Ҳозиргача етти тумандаги 11 маҳаллада яшовчи 280 та хонадон учун 8 минг дона лимон кўчатлари етказиб берилди. Банкимизнинг молиявий кўмагида 233 нафар тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган 76,5 гектар лимонзор майдонлари кенгайтирилди, – дейди “Турон банк” Наманган банк хизматлари маркази раҳбари Хайрулло Мамажонов.

 

Вилоятнинг Учқўрғон туманида ташкил этилган “Лимон ҳосили сайли”да лимон етиштирувчилар, деҳқонлар ва тадбиркорлар иштирок этда. Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда акциядорлик тижорат “Турон банк” ҳамкорлигида уюштирилган сайл доирасида лимончилик соҳасида эришилаётган ютуқлар, янги технологиялар асосида фаолият юритаётган иссиқхоналар фаолияти ва маҳаллий деҳқонларнинг меҳнат натижалари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, лимончиликни ривожлантиришда банк томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари, имтиёзли кредитлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда халқаро сертификатларни қўлга киритиш тажрибалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, лимонни экспорт қилиш бўйича янги лойиҳалар тақдим этилди. Иштирокчилар ўзаро тажриба ва ғоялар алмашиб, лимончиликни янада ривожлантириш, маҳсулот сифатини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Учқўрғон туманида лимон етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Айни вақтда тумандаги Намуна, Қўғай Ўлмас, Учёғоч, Деҳқонобод, Гулистон, Янгиобод, Наврўз, Қўрғонча, Қурама, Обод каби 60 га яқин маҳаллаларда 750 га яқин хонадонларда лимон парваришланмоқда. Кўплаб маҳаллалар лимончилик ва шунга ўхшаш цитрус мевалар етиштириш натижасида ишсизликдан холи ҳудудга айланмоқда.

Учёғоч маҳалласи туманда лимончилик борасида пешқадамлардан ҳисобланади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шокиржон Жўраевнинг маълум қилишича, 2 минг 600 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ушбу ҳудуд “драйвери” – деҳқончилик бўлиб, асосан лимон ва қулупнай етиштирилади. Аҳолига томорқа сифатида ажратилган тўққиз гектар ернинг олти гектарида замонавий иссиқхоналар ташкил этилган. Маҳаллада лимончиликни ривожлантириш, ички бозордаги эҳтиёжни тўлақонли таъминлаш ҳамда экспортга тайёрлаш борасида илдамлик билан иш ташкил этаётган фаол миришкор талайгина.

Масалан, “Zilol sitrus asl mevalari” масъулияти чекланган жамият раҳбари Жавоҳир Бекмуродов 6,7 гектар майдондаги иссиқхонада лимон етиштириб, яхши даромад олмоқда. Оила аъзолари билан бир қаторда маҳалладошларидан ишчиларни жалб этилгани фаровонлик ва бандлик манбаи бўлмоқда.

Томорқачи тадбиркорнинг айтишича, лимон биринчи йилда гуллайди, лекин, ҳосил бермайди. Бунда янги навдалардан қаламча олиб, кўчат тайёрлаб сотса бўлади. Ҳар бир кўчатдан 50 донагача қаламча тайёрланиши, илк йилдаёқ сарф-харажатларни қоплашда қўл келади. Кейинги йилда эса, лимон ҳосилга киради. Айтиш керак, уч йилга қадар лимон кўчатлари орасида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириб, масалан помидор, бодринг, болгарқалампир ва бошқа экинларни экиб даромадни янада ошириш мумкин.

Иссиқхонада 6 минг 200 туп лимон кўчати мавжуд бўлиб, жорий йилда 100 тонна лимон ҳосили кутилмоқда. Лимонзорларнинг 4,5 гектари йирик иссиқхоналар ва 2,2 гектар қисми (ҳар бири 20 сотихдан) 11 нафар тадбиркор жалб этилгани ҳолда кооперация усулида ташкил этилган. Йиллик ўртача даромад 300-400 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

Бу ерда лимон меваларини сақлаш учун 100 тонна сиғимли энерго тежамкор омборхона бўлиб, ўзида ва яқин ҳудудларда етиштирилган лимонни эрта баҳорга қадар сақлаш имконияти мавжуд. Кўрилаётган мана шундай чоралар маҳсулотни қайта ишлаш, экспортга тайёрлаш жараёнларини узлуксиз давом эттириш имконини беради.

Янгиқўрғон туманидаги “Radivon Citrus mevasi tomorqa xizmati” масъулияти чекланган жамият раҳбари Бўрон Асраев лидер тадбиркор сифатида “ISO 22000” сертификатини қўлга киритиб, илғорлар сафида эътироф этилди. Миришкорнинг айтишича, сертификат олиш маҳсулот сифатини юқори эканини кўрсатиш асносида, ишлаб чиқариш маданиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда соҳа ишлаб чиқариш билан боғланиб қолмай, илмий-тадқиқот ва инновация ҳам ривож топмоқда. Хитой Халқ Республикасида тажрибасини оширган наманганлик тадбиркорлар лимонни қайта ишлаш, шарбат, хушбўй ёғ ва қуруқ маҳсулот ишлаб чиқариш каби йўналишларда янги лойиҳалар устида ишламоқда. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.