Ҳар бир соҳада бўлгани каби лимон етиштиришнинг ҳам ўз сир-синоатлари бор. Масалан, лимон ўсимлиги яхши ривожланиши учун ҳарорат қандай бўлиши керак? Ёки касаллик тушганда қандай чораларни қўллаш зарур? Суғориш, қаламчадан кўпайтириш, ёруғлик, иссиқлик даражаси - хуллас бу соҳа агротехникасини яхшилаб билиб олмасдан юқори ҳосилдорликка эришиш, лимон етиштириш мушкул албатта.
Бундан беш йил аввал давлатимиз раҳбарининг “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди. Унда Тошкент давлат аграр университети ҳузурида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида цитрус, субтропик ва тропик ўсимликларни етиштириш бўйича кичик инновацион корхонани ташкил этиш чоралари белгилаб берилган.
Ушбу қарор цитрус меваларда чуқур илмий изланишлар олиб бораётган “Мевачилик ва узумчилик” кафедраси илмий ходими Муҳаммадазиз Фахриддиновнинг илмий изланишларига кенг йўл очиб берди. 2 сотих иситилмайдиган иссиқхонада лимон, апельсин, мандарин ҳамда грейпфрутнинг янги маҳаллий навларини яратиб, мазкур ўсимликларнинг кўчатчилигини ҳам йўлга қўйди.
- Муҳаммадазиз ака, фуқароларимизга, иссиқхона хўжаликларини юритаётганларга цитрус ўсимликларини етиштиришда қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Тошкент давлат аграр университетининг тажриба-синов майдонининг иссиқхонасидамиз. Бу ерда талабалар учун амалиёт дарслари ўтиладиган лаборатория ташкил қилинган. Академик Зайниддин Фахриддиновнинг бир туп Ф-2 “Юбилейний” нави пайвандтаг лимон сифатида танлаб олинди ва 40 дан ортиқ цитрус мевалари пайванд қилинди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/paYliOEtgWo" title="Limonchilik sohasining ham o‘z sir-sinoati bor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Дарҳақиқат, университет ректори Нарзулла Обломуродов селекционер олимлар учун махсус шароит яратиб, ҳар бир участкада илмий изланишлар олиб борувчиларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бугунги кунда ёш тадқиқотчилар томонидан маҳаллий шароитда банан, киви, ананас, папая кўчатларини айнан иситилмайдиган иссиқхоналарда етиштириш, уларни иқлимлаштириш устида изланишлар олиб бормоқдалар. Ҳаттоки, Саудия Арабистонида учрайдиган “Зурият” меваси ҳам маҳаллий шароитга мослаштирилди.
Бу каби илмий тажрибалар нафақат иссиқхоналарда балки очиқ майдонларда ҳам ўтказилмоқда. Мақсад назария билан амалиётни уйғунлаштириш, томорқачи ва деҳқонларимизни сердаромад ўсимликларни парвариш қилишга ўргатиш, ёш олимларга устозлар тажрибаларини ўзлаштиришларида кўмаклашиб, келгусида жойларда оммалаштиришдан иборатдир.
Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА