Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Ширамон қишлоғида яшовчи омилкор деҳқон Отабек Қурбонов тадбиркорлик қилиш мақсадида бундан беш йил аввал 50 сотих майдонда иссиқхона ташкил қилиб, яхши ният билан лимон кўчатларини қадади. Оила аъзолари билан биргаликда парвариш қила бошлади.
– Аслида лимон “шўх” дарахт, тезда униб ўсиб кетаверади, харажати кам, – дейди Отабек Қурбонов. – Остига маҳаллий ўғитни солиб, сувини вақтида қуйиб турсангиз бас тез ривожланади, лекин қишнинг қаттиқ совуғидан асраш керак. Бунинг ҳам арзон ечимини топганмиз, термос усулида ичидан ҳам бир қават плёнка билан ёпамиз ва кўчатлар остига сомон тўшаймиз. Шундай қилинса, совуқ урмайди.

Узоқ кутилган онлар келиб, учинчи йилдан бошлаб, кўчатлар ҳосил бера бошлади. Бугунги кунда эса 50 сотихлик иссиқхонадан 25-26 тоннагача ҳосил олинмоқда. Айни пайтда улгуржи бозорларда бир килограмм лимоннинг нархи 25-30 минг сўм эканини ҳисобга олсак, лимончиликдан келадиган даромадни англаш қийин эмас.
Кичикроқ ер майдонида бошланган иш орaдан кўп вақт ўтмасдан, каттагина деҳқончилик хўжалигига айланди. Бугунги кунда “Абдиев Машрабжон лимончилик” хўжалиги майдони 2 гектарга етди. Иссиқхоналарда етиштирилаётган лимонлар нафақат ички бозорни, балки экспорт имкониятларини ҳам кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

– Ҳар бир туп лимонга меҳр билан қарасак, у ҳам меҳнатимизга муносиб жавоб қайтаради, – дейди тадбиркор Отабек Қурбонов. – Ҳозирги пайтда йилига 500 миллион сўмдан 900 миллион сўмгача даромад оляпмиз. Келгуси йилларда 100 тоннадан ортиқ лимон ҳосили етиштиришни, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлашни режалаштирганмиз.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, лимонариялар кенгайтирилиб, у ерда замонавий сув тежовчи технологиялар, томчилатиб суғориш тизими ҳамда микроклиматни автоматик бошқарувчи ускуналар жорий этилиши мақсад қилинган. Бу эса ҳосил сифати ва миқдорини оширишга хизмат қилмай қолмайди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар томонидан бу каби ташаббусларга амалий ёрдам кўрсатилиб, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
Муҳтарам Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматли маҳсулот етиштириш ва экспортбоп йўналишларни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида бундай лойиҳалар муҳим аҳамият касб этади.
Ширамонлик тадбиркорнинг тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, меҳр ва меҳнат билан ёндашилган ҳар қандай ташаббус муваффақиятга элтади. Бугун Шаҳрисабзда амалга оширилаётган шундай лойиҳалар келгусида вилоят миқёсида янги экспортбоп маҳсулотлар брендининг шаклланишига замин яратади.
Ўлмас Баротов, ЎзА