Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан “Замонавий мактаб лидерлар нигоҳида” лойиҳаси доирасида семинар-тренинглар ташкил этилди. 7-10 феврал кунлари ўтказиладиган тадбирда Агентлик тизимидаги мактаблар директорлари умумтаълим мактаблари раҳбар кадрлари билан ўзаро тажриба алмашади.
Тошкент вилоятида ҳам бу борадаги ишлар бошланди. Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Президент мактабида ўтказилаётган тренингда ҳудуддаги умутаълим мактаблари директорлари фаол қатнашяпти. Машғулотларда асосий эътибор мутахассисларни замон билан ҳамнафас, жаҳон стандартларидан хабардор, жамоасини бир мақсад атрофида бирлаштира оладиган ҳақиқий лидерлар этиб тайёрлашга қаратилган.
[gallery-10472]
– Тренинглар доирасида фаолиятимизга оид кўплаб қизиқарли билимларни оляпмиз, тажрибамизни оширяпмиз, – дейди Нурафшон шаҳридаги 57-умумтаълим мактаби директори Олим Турсунбоев. – Мени эътиборимни тортган жиҳат шу бўлдики, энди ҳар бир мактаб ўзининг ривожлантириш стратегиясини (истиқбол режа) шакллантиришда таълим тизимининг мақсад ва қадриятларини асос қилиб олиши керак. Жамоада соғлом муҳит яратиш, самарали таълим тамойиллари ҳамда лидерлик кўникмаларини шакллантириш борасидаги маслаҳатлар биз учун жуда зарур эди. Сабаби биргина мен ишлайдиган мактабда 1 минг 187 нафар ўқувчи таҳсил олади, 80 нафар ўқитувчи ишлайди. Агар биз фаолиятимизни тўғри ташкил қилсак, кўплаб ютуқларга эришамиз. Бунинг учун доим изланишимиз керак. Ишонаманки, бу ерда олган билимларимизни ўз меҳнат жамоаларимизда кенг татбиқ қиламиз ва бу келгусида ўз самарасини беради.
Бу каби амалий семинарлар Бекобод ва Оҳангарон шаҳарларида ҳам ташкил этилган бўлиб, унда Агентлик тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг раҳбарлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
А.Мусаев,
Д.Эрназаров, (сурат) ЎзА.