Бухорода Олий Мажлис Сенати “Тадбиркор аёллар” клуби ташаббуси билан Ўзбекистон “Тадбиркор ва ишбилармон аёллар” бирлашмасининг лидер тадбиркор аёллари Бухорода жам бўлди. Мулоқотлар давомида иштирокчилар гендер тенглик, тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш билан бирга ўз тажриба ва ютуқлари билан ўртоқлашди.
Аёл азалдан меҳр-шафқат садоқат тимсоли бўлиб келган. Инсон зоти борки, дунёда барча сир-асрорлар ва сабоқларни онанинг меҳри саховати туфайли ўрганади. Аёл алласида Ватанни ўзига жам қилган онанинг орзуси, унинг жавобгарлиги, шижоати жўш уриб туради. Аёл ижодкор, аёл ҳар ишда мададкор, у ҳаётни ҳаётга, авлодни авлодга уловчи мустаҳкам ирода эгаси.

Семинар ҳам ўз бағрига ана шундай фазилат эгалари бўлган аёлларни жамлади. Тадбирда сўз олган лидер аёллар томонидан ўз муҳокамаларида, уларнинг ишбилармонлик ва тадбиркорликдаги муаммоларини ҳал қилиб, қўллаб-қувватлаб ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

– Тадбирда 2025 йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди, –дейди “Тадбиркор аёллар” клуби раҳбари Мамлакат Содиқова. – Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Мақсад оғир аҳволга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни ўзига бўлган ишончни оширишдан иборат. Давлат раҳбари томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ўзбекистоннинг лидер тадбиркорларига айландик. Шунга жавобан, ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, уларни касбга ўргатиб, оиладаги даромадларини оширишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз.

Тадбир давомида янги инвестициялар ва ҳамкорликлар йўналишидаги таклифлар кўриб чиқилди. Ҳар бир тадбиркор аёлнинг шу турдаги клуб ва бирлашмаларда иштирок этиши уларга янгидан-янги имкониятлар олиб келишини таъминлаб, ижобий натижалар эришувига олиб келади. Ушбу ташаббуслар аёлларнинг иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшиши имкониятини янада оширади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.