Бухоро вилояти Қоракўл тумани Маданият марказида Бухоро давлат университети қошидаги Қоракўл академик лицейи битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида якунига етган ўқув йилида намунали хулқи ва аъло ўқишлари билан эътиборга тушган истеъдодли ўқувчилар ва фаолиятда ўрнак бўлаётган илғор, изланувчан педагоглар муносиб рағбатлантирилди.

–Таълим ва тарбияда ўзига хос тажриба мактабини яратган академик лицейимиздан бу йил “учирма” бўлаётган 168 нафар ўқувчимизнинг 96 нафари лицейни аъло даражали диплом билан тугатгани навбатдаги муваффақиятимиздир, –дейди лицей директори Ғолибжон Жумақулов. –Буларнинг ўндан ортиғи аллақачон вилоятимиз ва республикадаги нуфузли олий ўқув юртларининг талабаси бўлишга эришган. Қолаверса, битирувчиларимизнинг 12 нафари хорижий тиллар бўйича “IELTS” сертификатини, 58 нафари “GEFR” даражаларини қўлга киритди. Булардан ташқари, яна 62 нафар битирувчи йигит-қизимиз бошқа фанлар бўйича ҳам миллий сертификатларга эга ва, албатта, муайян имтиёзларни қўлга киритишган.

Битирувчиларга диплом топшириш тадбирида Бухоро давлат университети раҳбарияти, битирувчиларнинг ота-оналари, уларнинг устозлари сўзга чиқиб, дил сўзлари ва табрикларини изҳор қилди. Мустақил ҳаётда ёшларга оқ йўл тилади. Ёш истеъдодларнинг келгусида халқ хўжалигининг турли жабҳаларида мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган малакали мутахассислар бўлиб камолга етишига ишонч билдирилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири