Жорий йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари белгилаб берилди.
Бу билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллашади ва жамоатчилик назорати янада кучайтирилади.
Юқоридагиларнинг амалий ифодаси сифатида, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ижтимоий буюртма шакллантирилган эди. Унга кўра хусусий тиббиёт ташкилотларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига риоя этилиши юзасидан тегишли ўрганишлар (хусусий тиббиёт ташкилотларининг 85 фоизи (7 284 таси) қамраб олинган) ўтказилиб, қуйидагилар аниқланди.
Хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 2024 йил 1 январь ҳолатига 8 343 тани ташкил этган бўлса, 2025 йил 1 январда 8 486 тани ташкил этган.
Жумладан, 27,4 фоизи (2000 таси) амалда кўрсатилган манзилда фаолият юритмаяпти. 3 фоизида (235 таси) пешлавҳалари мавжуд эмас. 47 фоизида (3 428 таси) ташқи реклама объектлари жойлаштирилган. 20 фоизида (1 460 таси) ахборотлар давлат тилида берилмаган. 61,5 фоизида (4 483 таси) хизматларнинг нархномалари кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлил қилинганда, айрим тиббиёт ташкилотларининг лицензиясида мавжуд бўлмаган фаолият билан ҳам шуғулланаётганлик ҳолатлари аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан, тўпланган маълумотлар белгиланган тартибда чоралар кўриш учун мутасадди ташкилотларга тақдим этилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА