Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лицензияси мавжуд бўлмаган таълим ташкилотларига қандай чора кўрилади?
16:29 / 2024-10-23

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига кўра, нодавлат таълим муассасалари лицензия талабларига мувофиқ таълим хизматларини кўрсатиши белгиланган. “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга асосан олий таълим хизматлари лицензияланадиган таълим тури ҳисобланади.

Бугунги кунда нодавлат олий таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш “Лицензия” ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига электрон аризалар юбориш орқали амалга оширилади.

Хўш, аслида лицензияга эга бўлмаган сохта олий таълим муассасаларининг фаолияти қай тартибда ўрганиб чиқилади ва лицензия мавжуд бўлмаган таълим ташкилотларига қандай чора қўлланилади?

Мазкур савол юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова қуйидагиларни маълум қилди.

– Вазирлар  Маҳкамасининг  2022 йил 21 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш паспортида нодавлат олий таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш ёки лицензияни қайта расмийлаштириш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар, лицензия талаблари ва шартлари  белгиланган. Ҳозирда нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш  фаолияти учун 8 та умумий ва 11 та махсус лицензия талаби ва шарти мавжуд.

Белгиланган тартибга кўра, нодавлат олий таълим хизматлари бўйича келиб тушган аризалар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг масъул ходимлари ва экспертлари томонидан 30 иш кунида кўриб чиқилади ва шартларга мувофиқ ҳолларда жойларга ўрганилади,тегишли хулоса берилади. Экспертлар хулосасига асосан, лицензия бериш ва лицензия беришни рад этиш электрон тарзда амалга оширилади.

2023 йилдан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан нодавлат профессионал олий ҳамда олий таълимдан кейинги  таълим ташкилотларини лицензиялаш ва уларнинг фаолиятларини  мувофиқлаштириш амалга ошириб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларидан белгиланган тартибда “Лицензия” ахборот тизими орқали нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия олиш мақсадида профессионал таълим хизматлари борасида жами  412 та ариза келиб тушган. Барча аризалар белгиланган муддатда соҳа вакиллари ва экспертлар томонидан жойига чиқиб ўрганилган.

Ушбу аризаларнинг жами 55 таси ижобий баҳоланган ва тегишли тартибда лицензия расмийлаштирилган. Жумладан, 20 та нодавлат олий таълим ташкилотининг мавжуд лицензиясига ўзгартириш киритилган, 2 та нодавлат олий таълим ташкилотига, 26 та нодавлат профессионал таълим ташкилотига ва 8 та нодавлат олий таълимдан кейинги таълим хизматлари учун лицензиялар расмийлаштирилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуни 33-моддасига мувофиқ, лицензия талаблари ва шартлари бир марта қўпол равишда бузилса, мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти, соғлигига зиён етказса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига халал берса ҳамда жамоат хавфсизлигига зарар келтирса лицензиялар бекор бўлишига сабаб бўлади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йилда жами 69 та, 2024 йилда эса жами 26 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти  ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижаларида аксарият нодавлат олий таълим муассасаларининг фаолиятида хато ва камчиликлар аниқланган.  Фаолияти вазирлик томонидан ўрганилган нодавлат олий таълим муассасаларида аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларнинг бартараф этилишига бир ой муддат берилган.

Берилган муддатларда камчиликни бартараф этмаган нодавлат олий таълим муассасаларининг лицензиясини бекор қилиш бўйича тегишли судларга даъво аризалари киритилган. Суд жараёнларида 2023 йилда  жами  6 та олийгоҳнинг фаолияти бекор қилинган бўлса, жорий йилда 1 та олийгоҳнинг фаолияти тўхтатилди. Тўртта ҳолатда вазирлик томонидан киритилган даъво аризалари судлар томонидан қаноатлантирилмади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига лицензияси бекор қилинган таълим ташкилотларининг талабаларига ўқишини давлат ёки нодавлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига мутахассисликлари бўйича белгиланган тартибда кўчириш ҳуқуқи берилган. Шунингдек, олий таълим ташкилоти сифатида лицензия олиб, фаолиятини қонуний асосда юритиши учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас.

Ўтган 2023 йилда лицензияси бекор қилинган нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган 8 минг нафарга яқин талабанинг ўқиши тегишли тартибда кўчирилган. Бирорта талабанинг муаммоси ечимсиз қолмаган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА