Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ли Цзиго: Ўтган йил Хитойга 420 мингдан кўп ўзбекистонлик ташриф буюрган
15:29 / 2024-02-28

Ўзбекистон – Хитой халқаро конференциясининг “Ҳар томонлама кенг қамровли стратегик шериклик: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи” мавзусига бағишланган сессиясида икки давлат шериклигининг энг муҳим йўналишлари, хусусан иқтисодиёт, туризм, маданият, минтақавий хавфсизлик, шунингдек мамлакатларимиз тараққиёти йўлида белгилаб олинган стратегия дастурларидаги муштараклик каби жиҳатлар тажрибали экспертлар томонидан таҳлил этилди.

Санжар Валиев, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази директори:

– Давримиз ўзаро боғлиқликнинг мисли кўрилмаган жадал тикланиш даврини бошдан кечирмоқда. Айни ҳолат мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик даражаси изчил юксалиб боришида намоён бўляпти.

Стратегик ҳамкорлигимиз умумий ўзаро манфаат ва ишонч асосига қурилган. Хусусан, 20 дан зиёд соҳани қамраб олган самарали ҳамкорликнинг кенг қамровли тузилмаси алоқалар ҳар томонлама мазмунли эканидан далолат.

Пекин Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан муносабатни умумий ҳамкорлик йўналишида олиб боряпти. Бу борада ҳеч қандай масала бўйича қарама-қаршилик йўқ, халқаро майдонда ҳам ўзаро мақсадлар мос.

Ли Цзиго, ХХР ТИВ ҳузуридаги Халқаро муносабатлар академияси Евросиё институти директори:

– Кенг қамровли маъно, муайян давлатлар ўртасида икки томонлама аҳамият касб этадиган туризм соҳаси иқтисодий ва маданий алмашинувнинг муҳим воситаси саналади.

Айниқса, замонавий туризм ва транспорт инфратузилмасини такомиллаштиришга устувор эътибор қаратиш иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш имконини беради.

Шу маънода Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги сайёҳлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани рақамларда ҳам яққол акс этмоқда. Масалан, ўтган йил Хитойга 420 мингдан кўп ўзбекистонлик ташриф буюрган, уларнинг кўпчилиги диёримизга дам олиш мақсадида борган.

Ли Юнсюан, ХХР Давлат Кенгаши ҳузуридаги Ривожланишни ўрганиш маркази Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёти институти директори:

– Хитой иқтисодиёти, мамлакат корхоналарининг жаҳон бозорига чиқиш йўллари ва Ўзбекистонни ислоҳ қилиш стратегияси, шунингдек икки давлат манфаатлари ўртасида теран боғлиқлик, кўплаб умумий нуқталар мавжуд. Демак, амалий ҳамкорлигимиз жараёнида янги давр бошланади, дейишга тўла асос бор.

Ўзбекистон кўпгина соҳаларда Марказий Осиё тараққиётига етакчилик қила олади, минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштира олади. Сиёсий соҳада бу минтақавий хавфсизлик ва Афғонистон масаласида намоён бўлади. Бошқа йўналишларда ҳам Ўзбекистон ўзига хос, салмоқли ўрин эгаллаши мумкин.

Республиканинг давлатлар миллий суверенитети ва ривожланиш ҳуқуқини сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракати Хитой ва Ўзбекистон ҳар қандай шароитда шерикликни мустаҳкамлашига ёрдам беради.

Ғайрат Хонназаров тайёрлади.

Рустам Назарматов (сурат), ЎзА