Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лейтенант Ўрозов жасорати халқимиз қалбида абадий яшайди
20:24 / 2020-04-23

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабада ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Ғалабанинг 75 йиллигига

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабада ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Уруш бошланган даврда юртимиз аҳолиси 6,5 миллион киши эди. Унинг 1,5 миллиондан ортиғи жангларда қатнашди. 604 мингдан зиёд ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз ҳалок бўлди.

Янгийўллик Илёс Ўрозов ҳам ана шундай жангларда иштирок этиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ватандошларимиздан бири.

Илёс Ўрозов 1922 йил 15 октябрда Тошкент вилояти Янгийўл туманида таваллуд топган. 1940 йил саноат-иқтисод техникумини тугатиб, жамоа хўжалигида бухгалтер бўлиб ишлаган. 1941 йилда армияга чақирилади. 1942 йил май ойидан бошлаб жангга киришади. 1944 йил кичик лейтенантлар курсини тугатгач, 572-ўқчи полкида (3-Украина фронти 57-армиянинг 233-ўқчи дивизияси) взвод командири бўлиб жангни давом эттиради.

– Лейтенант Ўрозов бизнинг фахр-ифтихоримиз. Шундай мард ва жасоратли ватандошимизни умрбод қалбимизда сақлаймиз, – деди Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ходими Ҳ.Каримов. –Бугунги ёшлар бобомизнинг биз учун, осуда ҳаётимиз учун қурбон бўлганини унутмаслиги керак. Илёс бобо каби ҳарбийлар ҳаётиин ўрганииш зарур. Бу уларнинг келажаги, ўқиши ва изланиши учун муҳимдир. Қаҳрамонимиз билан боғлиқ хотираларга эътибор қаратайлик. Лейтенант Ўрозов 1944 йил 12 ноябрда взводи билан Батина аҳоли пунктида (Югославиянинг Самбор шаҳридан шимоли-ғарбда жойлашган) Дунай дарёсини кечиб ўтиб, сўл қирғоқдаги маррани эгаллаган. 1944 йил 12-20 ноябрда плацдармни кенгайтириш учун бўлган жангларда сафдан чиққан рота командирининг ўрнини эгаллаб, ротага муваффақиятли бошчилик қилган. Бу ҳар бир ватандошимиз қалбини ғурурга тўлдиради. Гарчи, бугун қаҳрамонимиз орамизда йўқ бўлса-да, у ўзидан қолдирган матонати билан барчамизни шу юрт учун фидойи бўлишга ундайверади.

Маълумотларга кўра, 1944 йил 20 ноябрда стратегик жиҳатдан муҳим баландликни ушлаб қолиш жангида лейтенант Ўрозов взводи душман траншеясига биринчи бўлиб ҳужум қилади ва жангда 50 дан зиёд фашистни ер тишлатади, 2 пулемётини ишдан чиқаради. Гранаталар билан қуролланган бир гуруҳ жангчилар билан душман артиллериясига яқинлашиб, қурол-аслаҳасини яксон қилади. Ўзининг ушбу қаҳрамонона ҳаракатлари билан яқинлашиб келаётган қисмларга йўл очиб беради.

Лейтенант Илёс Ўрозов 1945 йил 11 февралда Венгрия ҳудудидаги душман чегарасини босиб олиш жараёнида Фальшторнц хутори яқинида ҳалок бўлган. Унинг танаси душман томонидан босиб олинган ҳудудда қолиб кетган. Минг афсуски, қабри ҳалигача номаълум.

Илёс Ўрозов ўлимидан сўнг, 1945 йил 24 мартда жанговор топшириқларни бажаришда жасурлик ва мардлик кўрсатгани учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, бир қанча орденлар ва медаллар билан тақдирланган.

Уруш йилларида қаҳрамонлик кўрсатган Илёс Ўрозов 22 ёшда эди. Унинг номи ва жасорати халқимиз қалбида абадий яшайди. Янгийўл шаҳридаги комбинатга ҳамда Янгийўл туманидаги Эски қовунчи қишлоғининг Бунёдкор маҳалласидаги ўзи ўқиган мактабга унинг номи берилиши эса Ўзбекистонимизда хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиз эканига ёрқин мисолдир.