Мамлакатимизнинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов Саксония федерал ўлкаси Лейпциг шаҳрига сафари давомида қатор учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда элчихона ахборот хизмати хабар берди.
Дипломатимизнинг Савдо-саноат палатаси бош бошқарувчи директори Фабиан Магерл билан суҳбати давомида мезбонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хорижлик компаниялар ва тадбиркорлар учун яратилаётган шароит ҳақида маълумот берилди. Икки томонлама манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиш, яқин келажакда палатага аъзо компаниялар делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш, бизнес-форум, касб-ҳунар таълими бўйича давра суҳбати ташкил этиш имконияти юзасидан фикр алмашилди. Бундай анжуманлар тадбиркорлик объектлари, таълим муассасалари ва давлат идоралари вакиллари ўртасида билим, тажриба алмашиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон элчиси ва дунёга машҳур “Leipziger Messe” ярмаркаси бошқарувчи директори Мартин Бул-Вагнер ўртасидаги музокара чоғи “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуаси билан ҳамкорлик ўрнатиш орқали иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирлар ташкил этиш масаласи кўтарилди.
Умуман, Дилшод Аҳатовнинг Лейпциг шаҳрига ташрифи мавжуд шериклик кўламини янада кенгайтириш учун янги истиқбол очади. Муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббуслар Ўзбекистон – Германия муносабатини янада мустаҳкамлаш учун замин яратади.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА