Лев Свердлов: пандемияга қарши курашда халқаро ҳамкорлик зарур
Бугун дунё ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар коронавирусга қарши курашмоқда.
Бугун дунё ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар коронавирусга қарши курашмоқда. Ҳар бир мамлакат бу борада ўзининг миллий дастурини ишлаб чиқди ва шу асосда вирус балосидан қутилишга ҳаракат қилмоқда. Бу жараёнларда бир-бирига кўмак бериш, тажриба алмашиш мақсадида онлайн анжуманлар ҳам ташкил этилмоқда.
Бугун ана шундай онлайн анжуман Ўзбекистон ва Германия тиббиёт муассасалари раҳбарияти, шифокорлар ва вирусологлари иштирокида ташкил этилди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Германиянинг “OPASCA German Oncology Solutions GmbH“ компанияси ҳамкорлигида ўтказилди.
Ушбу компания лойиҳаларининг мамлакатимиздаги координатори Лев Свердлов ЎзА мухбирига телефон орқали бу ҳақда ўз муносабатини билдирди.
– “Коронавирусга қарши курашиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш” мавзуида ўтказилган онлайн анжумандан мақсад Ўзбекистонда пандемияга қарши курашиш ва олдини олишда немис шифокорлари тажрибаси билан ўртоқлашиш. Фрайбург университети клиникаси мутахассислари пандемия билан боғлиқ Германияда кўрилаётган чоралар, беморларни даволаш ва бу борадаги кўникмалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон томонидан 250 га яқин шифокор ва мутахассис, Фрайбург университет клиникаси бош директори Фредерик Венц, ушбу клиниканинг коронавирусга қарши курашиш штаби бошлиғи Торстен Ҳаммер қатнашди.
– Анжуманда немис мутахассислари коронавирусни юқтирган беморларни даволашда қандай тавсиялар берди?
– Доктор Фредерик Венцнинг таъкидлашича, барча касалликни даволашда тизимнинг ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлиги ва ишларни замон талаби даражасида ташкил этиш билан боғлиқдир. Бу борада Германия тиббиёти талабларга тўлиқ жавоб беради. Бугунги пандемияга қарши курашишда ҳам шу тажриба қўл келмоқда. Масалан, Германия тиббиётининг стандарти бўйича юз минг бемор учун 150 жонлантириш койкаси ва одатий даволаш учун 300-350 койка бўлиши талаб этилади. Бу эса беморларни амбулатор даволашнинг яхши йўлга қўйилгани ҳисобидандир. Италия ва Испаниядаги бугунги ҳолат айнан шу талабларга жавоб бермагани сабабли содир бўлди. Тўғри, бугунги кунда Германияда коронавирусга чалинганлар сони ошиб бормоқда. Лекин давлатдаги тиббий тайёргарлик туфайли бу вирус билан курашишда ортиқча саросимага борилмаяпти.
Бугунги кунда Германияда вирус билан курашишда шифокорлар тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда тиббий хизмат кўрсатмоқда. Биринчи ва иккинчи гуруҳ беморларни даволамоқда. 3-гуруҳдаги шифокорлар уйда, тўртинчи гуруҳдагилар эса захирада турибди. Немис мутахассислари коронавирусга чалинган беморларга тестдан кўра, ўпкани томография қилишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Чунки бу усул арзон ва вақтдан ютишга қаратилган. Вируснинг енгил симптомлари кузатилаётган беморлар ўз уйида қолдирилиб, улар интернет орқали шифокорлар тавсияси асосида даволанмоқда. Албатта, уларнинг кўчага чиқиши ва яқинлари билан мулоқот қилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, анжуманда карантин, изоляция қилиш масалалари юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
– Онлайн мулоқотнинг амалий натижалари ҳақида нима дея оласиз?
– Ҳар қандай тажриба бу каби ўзаро илмий семинарлар, давра суҳбатлари самарасида пайдо бўлади. Гарчи, бизнинг компаниямиз онкологик касалликларни даволаш учун тиббий ускуналарни амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланса-да, шифокорлар билан доимий ҳамкорликда ишлаймиз. Ҳатто улар билан яқин қадрдонлардай мулоқотдамиз. Қолаверса, ўзим Ўзбекистонда туғилиб, ўсганман. Бу юрт менинг Ватаним. Ватандошларимнинг бу дарддан азоб чекишини сира истамайман. Айни масалада қўлимиздан қандай ёрдам келса, аямаймиз. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи билан мазкур анжуманни ташкил этишга бош-қош бўлдик.
Энди анжуман натижасига келсак, ўзбек шифокорлари томонидан жуда кўплаб саволлар берилди. Демак, бундай мулоқот айни пандемия даврида жуда зарур бўлаётганини сезиш қийин эмас. Улар бу каби онлайн анжуманни мунтазам ташкил этиш таклифи билан чиқди. Компаниямиз бу таклифни инобатга олиб, Ўзбекистонда пандемия ўтгунга қадар яна анжуманларни уюштиради.
– Ўзбекистон ва Германияда пандемияга қарши кўрилаётган чоралар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Ўзбекистонда вирусга чалинганлар кўп эмас. Аммо Ўзбекистон ҳукумати томонидан қатъий тадбирлар амалга оширилди. Буни мен юқори баҳолайман. Карантин ҳолатининг жорий қилиниши, автоуловлар ҳаракатининг тартибга солиниши, ҳудудлардаги чекловлар, санитар-гигиеник талаблар албатта яхши натижа беради. Беморлар орасидан соғайиб чиқаётганларни эшитиш эса ўзбек шифокорларининг ҳақиқий жасоратидир.
Германияга келсак, бу ерда ҳам миллий тартиблар қўлланилмоқда. Оммавий тўпланиш, кўчада икки кишидан ортиқ юрмаслик, ўзаро мулоқотда масофа сақлаш, магазинларга киришда белгиланган талабларга амал қилиш шарт. Ҳар бир дўкон ва бошқа оммавий жойларга санитар ишлов берилмоқда. Лекин Германияда оммавий карантин ҳолати жорий қилинмади. Фақат Бавария ва Фрайбург шаҳарларида вирус юқтирганлар кўп бўлгани учун бир қатор чекловлар қилинди. Ҳозир бу шаҳарларга кириш ва чиқиш тақиқланган.
Бугун барчамизнинг ниятимиз битта: бу ҳам бўлса, шу вирус балосидан қутилишдир. Яқин ойларда дунё бўйича бу хавф ортда қолади ва барчамиз осуда ҳаётга қайтамиз, деб ишонамиз.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди