Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Лазиз Қудратов: Президентимизнинг Вашингтонга тарихий ташрифи Ўзбекистон – АҚШ иқтисодий муносабатларида янги саҳифа очди
01:13 / 2025-11-07

Давлатимиз раҳбари АҚШга ташрифи доирасида ўтказган учрашувларнинг аҳамияти хусусида мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳам ўз фикрларини билдирди.

– Мазкур ташриф ҳақиқатан жуда самарали, тарихий. Нима учун? Сабаби, юртимиздаги ислоҳотлар Америка бизнеси учун улкан имкониятлар очмоқда ва АҚШ компаниялари бугун кучли қатъият, жиддий қизиқиш билан Ўзбекистонда аниқ лойиҳалар амалга оширмоқда.

Мен 2010-2014 йиллари Вашингтондаги элчихонамизда ишлаганман, иқтисодиёт масалалари билан шуғулланганман. Америка компанияларининг мамлакатимизга нисбатан ўша пайтдаги муносабати ва қизиқишини уларнинг ҳозирги интилиши, Ўзбекистонга сармоя киритишга қатъий тайёргарлиги билан умуман солиштириб бўлмайди. Буларнинг бари, албатта, ислоҳотларимиз натижаси, Президентимиз иқтисодий ҳамкорликка, бизнес учун янги имкониятлар яратишга шахсан қаратаётган эътибори туфайлидир.

Давлатимиз раҳбарининг Президент Дональд Трампдан бошлаб, ҳукумат аъзолари, етакчи компаниялар раҳбарлари билан музокаралари, ташриф давомида бўлиб ўтган давра суҳбати мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий муносабатларда ҳақиқатан янги саҳифа очди, дейиш мумкин. Келгуси уч йил ичида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг умумий қиймати 34,8 миллиард долларни ташкил этади. Бу жараён қишлоқ хўжалиги, кончилик саноати, стратегик муҳим минералларни қайта ишлаш соҳасидаги аниқ лойиҳаларни кўзда тутади.

Қолаверса, автомобилсозлик ва саноатнинг турли йўналишларига илғор технологиялар жорий этиш масаласи ҳам муҳим ва албатта ишонч билан айтиш мумкинки, бугун бизнес учун мутлақо янги имкониятлар очилмоқда. Демак, эндиги вазифамиз келишувлар амалда бажарилишини таъминлашдан иборат.

Қайд этиш жоиз, давлат раҳбарлари даражасида ўрнатилган сиёсий алоқалар туфайли ҳам АҚШ, ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун аниқ йўналишлар белгилаб берилмоқда. Ҳар икки мамлакатнинг барча вазирлари аниқ ва жиддий ишлашга тайёр. Ўйлайманки, яқин ойлар ичида биз илк натижаларни кўрамиз – визасиз режим, АҚШ ва Тошкент ўртасида мунтазам, деярли ҳар кунги авиақатновларга гувоҳ бўламиз. Табиийки, буларнинг бар биргаликда жуда кучли синергетик самара беради.

Ў.Алимов тайёрлади. ЎзА