Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Лазги” – миллий санъатимизнинг бетакрор намунаси
13:21 / 2024-02-24

Кейинги йилларда миллий санъатимиз ривожига қаратилаётган эътибор мақом, бахшичилик, ўзбек рақс санъати, мумтоз қўшиқчилигимизни дунёга кенгроқ таништириш, оммалаштириш, тарғиб этиш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  2020 йил 28 сентябрдаги "Лазги" халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ юртимизда Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25 — 30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.  

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида 2024  йилда Хива шаҳрида мазкур  халқаро рақс фестивалини юқори савияда, байрамона руҳда ўтказиш масалаларига бағишланган йиғилиш ташкил этилди.  

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган «Хоразм лазги рақси» ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда ҳам машҳур эканини таъкидлади. ЮНЕСКО томонидан «Хоразм лазги рақси» инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам унинг бетакрор санъат эканидан далолат беради.  

Бугунги кунда хорижий мамлакатларда катта муваффақият билан ўтказилаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” маданий лойиҳаларида, бетакрор мусиқий дастурлар, концертларда рақс санъатининг ушбу тури санъат мухлисларида катта қизиқиш ва эътибор уйғотиб, завқ билан кутиб олинмоқда.  

Хивада бўлиб ўтаётган фестиваль эса «Хоразм лазги рақси» санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.  

Маданият вазирлигида ўтказилган йиғилишда бу йилги “Лазги” халқаро рақс  фестивалини баланд руҳда ташкил этиш, фестиваль доирасидаги тадбирларни халқимизга манзур бўладиган тарзда ўтказиш, мазкур ижодий лойиҳага ёш истеъдод соҳибларини тобора кўпроқ жалб этиш каби масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.  

Назокат Усмонова, ЎзА