Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Латвиянинг маҳаллий бошқарув тажрибаси ўрганилди
14:32 / 2025-10-07

Латвия маҳаллий ҳокимият ва ҳудудий бошқарув уюшмаси 1991 йилда ташкил этилган. Уюшма Латвия шаҳар ва туманларини бирлаштирган ҳолда, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш сиёсати ва тизимини ривожлантириш, ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Европа мамлакатларида давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият тизимини ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси делегациясининг навбатдаги ташрифи Латвия Республикасига бўлди. Ташриф Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори молиявий кўмагида ташкил этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари, Халқ депутатлари Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларидан иборат делегация аъзолари ташриф доирасида Латвия парламенти, шаҳар ва туман ҳокимиятлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар уюшмалари раҳбарияти билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказдилар.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Латвия маҳаллий ҳокимият ва ҳудудий бошқарув уюшмаси (Latvian Association of Local and Regional Governments – LALRG) раҳбарияти билан учрашди. Уюшма раиси Гинтс Каминскис ва бош котиб Мудите Юхна билан бўлиб ўтган мулоқотда маҳаллий бошқарув тизимини такомиллаштириш, маҳаллий кенгашлар ва ижро ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларни самарали мувофиқлаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида давлат хизматчиларининг масъулият ва ваколатларини аниқ тақсимлаш, самарали ҳисобдорлик ва жамоатчилик назорати тизимлари, ортиқча маъмурий аралашувнинг олдини олиш бўйича амалий механизмлар кўриб чиқилди.

Делегациянинг навбатдаги учрашуви Рига шаҳар ҳокимлиги бўлди. Шаҳар ҳокимлиги ижрочи директори Яннис Ланге билан суҳбат чоғида пойтахт шаҳар бошқарувининг замонавий модели, давлат хизматларини кўрсатишда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш усуллари, маҳаллий органлар ўртасида ваколатлар тақсимоти ва масъулият чегараларини аниқ белгилаш бўйича тажрибалар ўрганилди, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.

Ўзбекистон томони мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, маҳаллий кенгашлар ролини кучайтириш, ижро ҳокимияти самарадорлигини ошириш ва аҳоли олдида ҳисобдорликни мустаҳкамлашга қаратилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

– Ташриф давомида олинган тажрибалар Ўзбекистонда маҳаллий бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли манфаатларига яқин, очиқ ва ҳисобдор бошқарувни йўлга қўйиш жараёнларида асқатиши шубҳасиз, – дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Делегациямиз билан икки давлат экспертлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва Латвиянинг давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий ҳокимият тизимини ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаб кўриш, ўзимизнинг шароитга мувофиқ мослаштириш бўйича йўналишларни белгилаб олдик. Ўйлайманки, бу каби илғор тажрибалар келгусида мамлакатимиз бошқаруви, халқ билан давлат ўртасидаги ўзаро мулоқотни янада ривожлантириш, умуман, жамиятимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. 

Ушбу давлатнинг Юрмала шаҳри, шунингдек, Латвия парламенти (Саэима)да бўлиб ўтган мулоқотлар, шаҳар ҳокими ўринбосари ва ижрочи директори ҳамда парламент аъзолари билан учрашувларда маҳаллий кенгаш ва ижро ҳокимияти ўртасидаги ҳамкорлик, масъулият тақсимоти, назорат ва ҳисобдорлик тизимлари, жамоатчилик билан очиқ мулоқот ҳамда маҳаллий ижро ҳокимияти бошқарувида парламентнинг роли, қонунчилик орқали жойлардаги ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА