Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р.Ҳакимов Латвия Республикаси Давлат аудити идораси раҳбари Эдгарс Корчагинс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, жумладан, парламентлараро ҳамкорликнинг сўнгги йилларда барқарор ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Меҳмонларга Қонунчилик палатасининг фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Мулоқот чоғида Э.Корчагинс Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ишончли ва конструктив шериклик муносабатлари мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Учрашувда Латвия Давлат аудити ва Ўзбекистон Ҳисоб палатаси ўртасидаги амалий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, хусусан, 2024 йилда ўзаро мулоқот янада фаоллашиб Тошкентда ўтказилган учрашувлар доирасида икки ташкилот ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ҳамда кейинги уч йилни қамраб оладиган Қўшма ҳаракатлар дастури имзолангани алоҳида қайд этилди.

Мулоқотда молиявий аудит соҳасида тажриба алмашиш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, мавжуд молиявий тизимнинг самарадорлигини баҳолаш ва бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш хусусида сўз юритилди.
Учрашув якунида томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, аудиторлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
М.Комилова, ЎзА