Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган мамлакатимизда IT-мутахассислари учун 300 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, Ўзбекистонни халқаро IT-аутсорсинг марказига айлантириш ва маҳсулотлар экспортини ошириш, 2030 йилга бориб республиканинг IT-хизматларини 5 миллиардга етказиш каби вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан халқаро ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилмоқда.
Рига шаҳрида Латвия Инвестициялар ва тараққиёт агентлиги, Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси ҳамда IT-Парк кўмагида «Invest in Uzbekistan» конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Европа ва Латвияда бизнесни ривожлантириш билан шуғулланувчи ва Ўзбекистон бозорида ишлашдан манфаатдор бўлган компанияларнинг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистон бозорининг жозибадорлиги ва салоҳияти, бизнес юритишнинг афзалликлари ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлди.
– Анжумандан кўзланган мақсад икки мамлакатнинг IT-соҳаларида иқтисодий ва сармоявий алоқаларини кенгайтириш, билим алмашиш, янги лойиҳалар ҳамда стартапларни амалга ошириш учун инвесторларни жалб қилиш, шунингдек, солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш орқали хорижий IT-компанияларни жалб қилишдан иборат, – деди IT-Парк ижрочи директори Абдулаҳад Қўчқоров. – Бу мақсадларнинг барчаси Ўзбекистон тараққиёти учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Анжуманда Латвиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Трокша Рейнис сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида IT ва сармоявий соҳадаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари тақдимотига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир давомида Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги томонидан инвестиция салоҳияти тақдим этилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА