Пойтахтимиздаги “Экопарк” ҳудудида “Laser Run City Tour – Tashkent” мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартда қабул қилинган “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳоли ўртасида замонавий бешкураш ва унинг таркибий қисми бўлган Laser Run спорт турини оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Мусобақа Халқаро замонавий бешкураш федерацияси (UIPM) шафелиги остида, Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси томонидан юқори савияда ўтказилди.
[gallery-26139]
Турли ёш тоифаларидаги 400 нафарга яқин профессионал ва ҳаваскор спортчи лазерли отиш ва югуриш элементларидан иборат беллашувларда ўз маҳоратини намойиш этди.
Иштирокчилар орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, спортчи қизлар ва ёш оилалар ҳам бор эди. Улар нафақат ғалаба учун, балки соғлом турмуш тарзи ва жамоавий руҳни тарғиб қилиш учун беллашдилар.
“Laser Run City Tour” мусобақаси нафақат спорт тадбири, балки аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишнинг муҳим ташаббуси сифатида аҳамиятга эга бўлди.
Мусобақа якунида ҳар бир иштирокчига махсус сертификатлар топширилди. Энг яхши натижа кўрсатган спортчилар эса диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА