Самарқанд давлат университети кимё факультети ва «Шўртангазкимё» мажмуаси ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, унинг асосида ўқув-услубий, илмий-тадқиқот соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мажмуа фаолиятига замонавий илм-фан ютуқларини жорий этиш, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосида халқ хўжалиги учун муҳим кимёвий моддалар олиш технологияларини яратиш йўлида қатор илмий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида “Шўртангазкимё» мажмуаси Самарқанд давлат университети кимё факультетида фаолият кўрсатаётган катализатор илмий лабораторияси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унга замонавий асбоб-ускуна ва кимёвий реагентлар сотиб олиш учун 400 миллион сўм маблағ ажратди.
Бугунги кунда мазкур лабораторияда табиий газдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиб импорт ўрнини босувчи, юқори технологик кимёвий маҳсулотлар олиш бўйича илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзаро келишув асосида талаба-магистрантлар ва тадқиқотчилар “Шўртангазкимё» мажмуаси базаларидан фойдаланган ҳолда илмий изланишларини давом эттирмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тармоқ корхоналаридаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, олий таълим муассасаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги талаб ва таклифлари амалда ижобат бўлмоқда.
Норйигит МУСУЛМОНОВ,
Самарқанд давлат университети
кимё факултети декани, доцент