Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Labor-migration” электрон дастурий мажмуасининг иши самарадорлигини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.
Мажлис давомида Қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш меҳнат мигрантларини рўйхатдан ўтказиш механизмини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш жараёнида бюрократик тўсиқларни, коррупция хатарларини камайтириш зарурати сабабли, шунингдек Олий Мажлис Сенатига фуқаролардан тушадиган кўп сонли мурожаатлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилганлиги таъкидланди.
Шундан келиб чиқиб, сенаторлар, Сенат девони ходимлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимларидан ташкил топган Ишчи гуруҳ жойларга чиққан ҳолда дастурий комплекснинг ишларини ўрганиб чиқди, экспертлар билан маслаҳатлашувлар, меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ўтказди.
Ўрганиш якунлари бўйича Қўмитанинг бугунги мажлисида тақдим этилган дастурий мажмуанинг модернизация қилиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрланган.
Мажлис доирасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъулларининг ахбороти эшитилди. Улар дастурий мажмуа фаолият кўрсатган бир йил давомида 288 мингдан ортиқ турли хизматлар, шу жумладан, авиа ва темир йўл чипталарини имтиёзли нархларда сотиб олиш бўйича 164 минг, имтиёзли суғурта полисини рўйхатдан ўтказиш бўйича 9505 минг хизмат, имтиёзли уй-жой олиш учун зарур ҳужжат ва тақдимномалар тақдим этиш бўйича 3937 та хизматлар кўрсатилганлигини қайд этди.
Бундан ташқари, дастурий мажмуанинг юртимиздаги бир қанча давлат муассасалари электрон базалари ва порталлари билан интеграцияси таъминланди. Бу эса меҳнат мигрантларини рўйхатга олиш тезкорлиги, ижтимоий ва маслаҳат ёрдамларини кўрсатиш сифатини сезиларли даражада оширди.
Шу билан бирга, Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қатор тизимли муаммолар кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этилиши мазкур дастурий мажмуа салоҳиятини оширади ва меҳнат мигрантлари учун қўшимча имкониятлар яратади. Шунингдек кўрсатилаётган хизматлар турларининг кўпайиши ва меҳнат мигрантлари орасида фаол тарғиб қилиниши, фуқароларнинг эҳтиёжларини гендер жиҳатидан ҳисобга олинишини назарда тутувчи “Labor-migration” дастурий мажмуасини узоқ муддатли ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегияси, яъни меҳнат мигрантлари бўлган хотин-қизларни бирлаштириш, уларга маслаҳат бериш ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ўз ичига олган хизматлар мавжуд эмаслиги қайд этилди.
IT соҳаси мутахассислари томонидан дастурий мажмуанинг техник параметрлари, унинг интерфейсини, мобиль илованинг ишлашини ва бошқаларни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Мажлис якунлари бўйича Қўмита томонидан алоқадор вазирлик ва идораларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва мажмуа орқали хизматлар кўрсатиш механизмини модернизация қилиш бўйича аниқ топшириқларни ўз ичига олган Қарор қабул қилинди.