“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни сифатли ўтказиш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Республика штаби, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликларида ишчи гуруҳлар ва штаблар ташкил этилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг куз мавсумида кўчат нархларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрмон хўжаликлари ва кўчатчилик билан шуғулланувчи субъектлар жалб этилиб, 721 та савдо нуқтасида кўчат ярмаркалари ташкил этилган. “yashilmakon.eco” электрон платформасида тасдиқланган маълумотларга кўра, республика ҳудудларида 91 миллион туп, яъни режага нисбатан 107 фоиз дарахт кўчати экилиши таъминланган.
Кўчат экиш бўйича назорат тадбирларини олиб бориш мақсадида республика бўйича 616 нафар ходим жалб қилинган ва улар 600 та планшет, 16 та учувчисиз учиш қурилмаси, 250 та “влагомер” билан таъминланган.

“Яшил белбоғ”ларни суғориш тизимлари билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда 893 та сув чиқариш қудуқ қазилган, 1058,7 км узунликда суғориш тизимлари жорий этилиб, сув манбаси бўлмаган ҳудудларга кўчатларни суғориш учун 610 та махсус техникалар жалб этилган.
Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тупдан жами 2 миллион туп, мактабгача таълим муассасаларига 836 минг туп, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига 900 минг туп кўчат бепул етказиб берилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА