Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида кузги кўчат экиш ишларини маҳаллабай тизими асосида ташкил этиш масаласига бағишланган тадбир ўтказилди.
“Zoom” платформаси асосида ўтказилган йиғилишда шаҳар ва туман ҳокимликлари вакиллари, вилоят бандлик бош бошқармаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ўзавтойўл” вилоят бошқармалари, “Ўзйўлкўкалам” унитар корхонаси, вилоятдаги мутасадди идоралар масъуллари иштирок этди.

Тадбирни вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов бошқариб борди. Унда кўчат экиш ишларини асосан маҳалла ҳудудларида кенгроқ ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар юклатилди.

Эътиборлиси, вилоятда кузги кўчат экиш ишларини маҳаллабай тизими асосида “Ўзбекистонда эл азиз – инсон азиз!” шиори остида ўтказиш бўйича Келишув битими имзоланди. Унга асосан ҳар бир маҳалла, фермер хўжаликлари, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳудудларида суғориш тизимини шакллантириш, ҳудудларнинг иқлим шароитига мос тут, терак, терак қаламчалари, ясен ва бошқа манзарали ва мевали дарахт кўчатлари, райҳон, ялпиз, гул кўчатларини экиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Шунингдек, йиғилишда вилоятда мавжуд маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича экохариталар ишлаб чиқиш бўйича ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.
Тадбирда заминга қадалган ҳар бир кўчатнинг ҳамал олиши қатъий назоратдалиги алоҳида таъкидланди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА